Эҳтиёжманд оилалар янги уйларга эга бўлишди


Тахтакўпир тумани марказида кам таъминланган, ижтимоий ёрдамга муҳтож бешта оилага Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳомийлигида янги турар жойлар топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда туман ҳокими ўринбосари Т.Нурманов, Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси У.Жалменов, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Ш.Аюбов, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тахтакўпир туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Е.Бегманов ва бошқалар сўзга чиқиб, юртимизда Президентимиз ташаббуси билан аҳолининг кам таъминланган  қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, зарур маиший буюмлар билан таъминлашга қаратилаётган алоҳида эътибор хусусида тўхталиб ўтдилар.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябр­даги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам хайрия тадбирлари олиб борилмоқда.

Шу куни тумандаги “Давр” маҳалла фуқаролар йиғинидан  Онғарбай Бакешов, Қуўандиқ Келимбетов, “Қара ўй” овул фуқаролар йиғинидан Артиқгул Сейтназарова, “Тахтакўпир” овул фуқаролар йиғинидан Қалбай Сапаров, “Атакўл” овул фуқаролар йиғинидан Лизахан Жийенбаеваларга янги уйларнинг калитлари тантанали равишда топширилди. Шу кунга қадар авария ҳолатидаги турар жойларда, шунингдек, ижарада яшаб келган бу инсонлар ўз уйларига эга бўлганидан жуда хурсанд бўлишди.

— Шу кунга қадар қизим ва набирам билан ижарада қийин шароитда яшаб келдим, — дейди иккинчи гуруҳ ногирони Лизахан Жийенбаева. — Президентимизга рахмат, туман марказидан барча қулайликларга эга тўрт хонали турар жой билан таъминлади. Ҳаттоки, кўрпа-тўшак, уй рўзғор буюмларини ҳам олиб беришди. Бугун мен каби қувончга тўлаётган оилалар номидан чексиз миннатдорчилик билдираман. Юртимизда ҳеч бир инсон эътибордан четда қолмаслигининг яна бир бор гувоҳи бўлдим.

Қарор ижросини таъминлаш бўйича қабул қилинган манзилли тадбирлар доирасида Тахтакўпир туманининг табиий газ етиб бормайдиган чекка овулларида яшовчи кам таъминланган 36 та оилага 57 миллион 924 минг сўмлик, иккинчи босқичида 70 та оилага 87 миллион 612,4 минг сўмлик газ плита, газ баллони ва ускуналар тарқатилди. Бундан ташқари, бемор ва даволанишга муҳтож аъзоси бор 6 та оилага 23 миллион 976,3 минг сўмлик тиббий хизматлар кўрсатилди. Кам таъминланган 25 оиланинг турар жойи таъмирлаб берилди.

Бундай тадбирлар республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида ҳам олиб ­борилмоқда.

Д.Абибуллаев,

Қ.Х.А мухбири.