Энг китобхон мактаб аниқланди


Хўжайли туманида энг китобхон мактаблар аниқланиб, тақдирланди.

– Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилди, – дейди “Беруний китоб дунёси” МЧЖ раҳбари Шуҳрат Охунжонов. – Мақсадимиз китоб тарқатиш орқали халққа зиё улашишдир. Чунки, китобхонлик маданиятини ошириш бугунги кундаги энг долзарб масалага айланган. Хўжайли туманида 9-22 апрель кунлари ўтказилган ушбу лойиҳага 42 та умумтаълим мактабидан 20 мингдан ортиқ ўқувчи, 1800 дан ортиқ ўқитувчи қатнашди. Уларга 1100 турдаги сифатли китоблар тақдим қилинди. Натижада лойиҳанинг туман босқичи доирасида мактабларда таҳсил олаётган 19 мингдан ортиқ ўқувчи ва ўқитувчи китоб маҳсулотлари билан таъминланди.

“Энг китобхон мактаб” акцияси бундан олдин Нукус шаҳри, Тўрткўл, Беруний, Амударё туманларида ҳам ўтказилган. Элликқалъа ва Қўнғирот туманларида ҳали давом этмоқда. Бугунги кунгача қилинган сарҳисобларга кўра, Хўжайли тумани акцияда пешқадамга айланган.

Жорий йил охирига қадар “Энг китобхон туман” танлови ҳам ўтказилиши режалаштирилган. Унга кўра Қорақалпоғистоннинг 1 шаҳар ва 15 та туманларида ўтказилган “Энг китобхон мактаб” танловининг натижалари ҳисобга олинади.

Танловда мактабдаги ўқувчиларнинг сони аҳамиятли эмас, балки мавжуд ўқувчи шу акцияга қанчалик фаол қатнашгани бўйича баҳоланади.

Хўжайли туманидаги 30-умумтаълим мактаби “Энг китобхон мактаб” танловида 1-ўринни эгаллади ва 1 миллион сўмлик китоблар жамланмаси билан тақдирланди. 2-ўринни эгаллаган 2 та умумтаълим мактабига 800 минг сўмлик, 3-ўринга сазовор бўлган 6 та умумтаълим мактабига 500 минг сўмлик китоблар совға қилинди. Фаол иштирок этган мактаблар ҳам тақдирланди. Тадбир якунида тумандаги мактабларда ва уй шароитларида таҳсил олаётган 63 нафар эҳтиёжманд ўқувчиларга бепул китоб совғалари топширилди.

Е.Қаноатов,

ЎзА.