Эшитиш ва нутқида муаммоси бор шахслар энди махсус диспетчерлик хизматидан фойдаланадилар


Мамлакатимизда сўнгги йилларда ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий-эҳтиёжманд қатламига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишни кучайтириш борасида изчил чоралар кўрилмоқда. Президентимизнинг  2019 йил 18 мартдаги “Эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Биз бугунги мақоламизда мазкур қарорда белгиланган вазифалар ва бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Бахтиёр ОрАзбАев билан суҳбатлашдик.

— Президентимизнинг ушбу қарори ногиронлиги бўлган айнан, эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахслар учун қандай аҳамиятга эга?

— Маълумки, мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг эҳтиёжманд қатлами, шу жумладан, эшитиш ва нут­қида муаммоси бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахсларнинг жамиятга тўлиқ ижтимоий интеграциясини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, шунингдек, ушбу тоифадаги шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда Президентимизнинг юқорида таъкидлаб ўтилган қарори муҳим аҳамиятга эга.

— Айтингчи, эшитиш ва нут­қида муаммоси бўлган шахслар учун ахборот ресурслари ва давлат тезкор оператив хизматлари билан алоқа ўрнатиш имкониятларини тўлиқ таъминлаш орқали қандай натижаларга эришиш мумкин?

— Аҳолининг ижтимоий эҳтиёж­манд қатламига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг бир қатор афзалликлари мавжуд. Ушбу тоифадаги шахслар учун ахборот ресурслари ва давлат тезкор оператив хизматлари билан алоқа ўрнатиш имкониятларини тўлиқ таъминлаш орқали мавжуд шароитларга мослаштириш тизими янада такомиллаштирилади.

— Маълумки, Президентимизнинг ушбу қарорига мувофиқ, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги таркибида юридик шахс мақомига эга бўлмаган, эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш диспетчерлик хизмати ташкил этилмоқда. Келинг шу ўринда диспетчерлик хизмати ва унинг асосий вазифалари хусусида тўхталиб ўтсангиз?

— Президентимизнинг ушбу қарорига мувофиқ, 2019 йил 1 июлдан  Фавқулодда вазиятлар вазирлиги таркибида юридик шахс мақомига эга бўлмаган, эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахс­ларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда республикамизда содир бўладиган табиий ва техноген хусусиятли фав­қулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини тезкор бартараф этишни таъминлаш мақсадида диспетчерлик хизматини ташкил этиш белгиланган.

Эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахслар, шунингдек, уларнинг вакиллари томонидан техник воситалар (видео қўнғироқлар, матн­ли хабарлар, махсус дас­турий таъминотдан фойдаланган ҳолда қўнғироқлар ва бошқалар) орқали бўладиган мурожаатларга шошилинч оператив хизматларнинг кечаю-кундуз, тезкор жавоб беришларини мувофиқлаштирган ҳолда таъминлаш диспетчерлик хизматининг асосий вазифаси этиб белгиланди. Шунингдек, Ўзбекис­тон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига бир ой муддатда Диспетчерлик хизматини юкланган вазифаларни профессионал даражада бажаришга қодир мутахассислар билан тўлдириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига имо-ишора тилида сўзлашадиган мутахассислар орасидан номзодларни тақдим этиш юклатилган.

Диспетчерлик хизмати ходимлар таркиби Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қўшимча ажратиладиган ­дастлабки 10 штат бирлиги ҳисобига тўлдирилади. Яъни, бир нафар сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчи ва 9 нафар хизматчи. ­Кейинчалик тушадиган хабарлар ҳамда мурожаатлар ҳажмига қараб уларнинг сони 22 нафаргача етказилиши мумкин.

Айтиш жоизки, Президентимизнинг ушбу қарорига кўра, эшитиш ва нутқида муаммоси бор шахслар энди махсус диспетчерлик хизматидан фойдаланадилар.

Феруза Нуруллаева.