ЁШЛАРНИ ВАТАНПАРВАРЛИК РУҲИДА ВА ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯЛАШ — АСОСИЙ МАҚСАДИМИЗДИР


Бугун мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш, маънан ва жисмонан соғлом, баркамол шахсни камол топтириш, шунингдек, спортнинг техник ва амалий турлари билан шуғулланишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Маълумки, мазкур қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотига бир қатор муҳим вазифалар юклатилган. Ёшлар ва фуқароларни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг онгига ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат, меҳнатга масъулиятли муносабат, ҳарбий хизматга ҳурмат туйғуларини сингдириш, спортнинг техник ва амалий турлари ривожлантирилиши ва оммалаштирилишини таъминлаш, спорт ташкилотлари ва жамоалари фаолиятига кўмаклашиш, болалар, ўсмирлар ва чақирувгача бўлган ёшлар ўртасида оммавий спорт ишларини ташкил этиш ва ўтказиш шулар жумласидандир. Шунингдек, ёшлар ва фуқароларни мудофаа соҳасидаги бошланғич билимларга ўқитишда ва уларни ҳарбий хизматга тайёр­лашда давлат ҳокимияти органларига кўмаклашиш, автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини, шунингдек, оммавий техник касблар мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёр­лаш ва уларнинг малакасини ошириш, ҳамда шундай йўналишлар бўйича фаолият юритаёт­ган халқаро ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилиш масалаларига эътибор қаратилган.

Бугунги кунда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Қорақалпоғистон Кенгаши томонидан ушбу йўналишларда бир қанча тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда таълим муассасаларида “Ватан муқаддас”, “Ватан азиз, жасорат мангу”, “Ватанни мардлар қўриқлайди”, “Ўзбекистон Қуролли Кучлари қудратли қўрғонимиз”, “Миллий армиямиз мустақиллигимизнинг, осойишта ҳаётимизнинг мустаҳкам кафолати” каби мавзуларда учрашув, давра суҳбатлари шунингдек, “Жасорат дарслари” ўтказилмоқда. Муддатли ҳарбий ҳизматчилар ва уларнинг ота-оналари орасида “Менинг болам – Ватан ҳимоячиси!” мавзусида видеоконференция ташкил этилди. Шунингдек, коллеж ўқувчилари ўртасида “Албатта, мен Ватан ҳимоячиси бўламан”, “Йигитлар султони” каби ҳарбий ватанпарварлик руҳидаги мусобақалар бўлиб ўтди. Бу каби тадбирлар ёшларни миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Президентимизнинг жорий йил 5 январдаги “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Мўйноқ туманида “Ралли Мўйноқ-2019” мусобақаси ўтказилди. Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Қорақалпоғистон Кенгаши ҳамда бир қатор мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган мазкур мусобақада Қозоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикасининг барча вилоятларидан ҳамда маҳаллий 42 та автомашина экипажи ва 20 та мотокросс спортчиси иштирок этди. Уч кун давом этган мусобақа якунида биринчи ўрин ғолибларига “Нексия-3” ҳамда “Спарк” автомашинаси, иккинчи ва учунчи ўрин соҳибларига пул мукофотлари топширилди.

9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олиниб, ижтимоий ёрдамлар кўрсатилди. Бу каби тадбирлар ҳар бир байрам ва муҳим саналарда амалга оширилиб келинмоқда.

Бугунги кунда ёшларимизда ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат, меҳнатга масъулиятли муносабат, ҳарбий хизматга ҳурмат туйғуларини тарбиялаш, мамлакат суверенитети ва мус­тақиллигини ҳимоя қилишга дахлдорлик туйғусини шакллантириш ниҳоятда муҳим. Шундай экан, бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш давр талабидир.

К.РАЗБЕКОВ,

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи  “Ватанпарвар” ташкилоти Қорақалпоғистон Кенгаши раиси.