2020 йил Ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади


Абат Данияров,

Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси:

Биз, Муҳтарам Президентимизнинг Қорақалпоғис­тонга бўлган алоҳида эътиборини ҳар бир сўзида ва амалдаги ислоҳотларда чуқур ҳис қилиб турамиз. Кўпчилигимиз биламиз давлатимиз раҳбари қайсидир ҳудуд ёки соҳани ривожлантириш борасида, қандайдир янгилик жорий қилиш ташаббуси билан чиқса, уни аввало, Қорақалпоғистондан бошлайди десак, муболаға бўлмайди.

Масалан, Президентлик лавозимига киришгандан кейинги ҳудудларга илк сафарини ҳам айнан Қорақалпоғистондан бошлаганлар ва республикамизда, хусусан Мўйноқ туманида катта бунёдкорлик ишларига асос солган эдилар.  Бу борада кўплаб мисолларни келтириш мумкин.

Президентимиз 2019 йил 27 декабрда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашувида бизни тўлқинлантирадиган шундай гапларни айтдики, бу сўзлари бизни янада шижоатли бўлишга руҳлантирди.

Давлатимиз раҳбари республикамизга ташрифи чоғида бизга ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган мурожаат қабул қилинг, деган эди. Биз, бу топшириқ бўйича мурожаатни тайёрлаётганимизда, яъни бугунги кун ёшлари ­онгига ватанпарварлик туйғусини сингдира оладиган матнни тайёрлаш осон бўлгани йўқ. Демоқчиманки, Президентимизнинг бу топшириғи ватанпарварлик туйғусининг туб моҳиятини англашимиз, Ватанни севиш, унинг тараққиёти учун хизмат қилиш шараф эканлигини яна бир бор ҳис қилишимизга замин яратди.

Яна шуни таъкидламоқчи эдимки, бугунги кунда Ватан тараққиётига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган раҳбар қандай бўлиши кераклиги ­борасида муҳтарам Президентимизнинг ўзи биз ёшларга шахсий намуна бўлаётир. Мен билмайман қайси давлат раҳбари 6 соат тик туриб, ёшлар билан учрашган экан.

Давлатимиз раҳбарининг яқинда ёшлар билан бўлган учрашуви ана шунча вақт давом қилди ва учрашув давомида ёшларга янада кенг имкониятлар яратиш ҳақидаги фикрларини тинглаб, мен ёшларнинг бир етакчиси сифатида бу ишларни қандай амалга ошириш ҳақида ўйланиб қолдим. Ана шунда Президентимизнинг “Ёшлар орасида “Мен Сизнинг ёнингизда туриб, камарбаста бўламан!” деб кўзи ёниб турган, билимли, жасоратли йигит-қизлар борлигига ишонаман. Етакчиликнинг, ўз ортидан эргаштиришнинг энг тўғри йўли шахсий ўрнак ва намуна бўлишдир, – деган сўзлари мени янада руҳлантирди.

Президентимиз мазкур учрашувда бугун ёшларнинг дардини ким эшитиши, уларнинг муаммоларини ким ҳал қилиши ҳақида гапириб, — Ҳар бир ҳоким, туман ёки вилоят ҳокими бўлишидан қатъий назар, сектор раҳбарлари билан биргаликда ёшлар масаласини ўзи учун устувор вазифа қилиб олмас экан, жойларда бу борадаги ишларимизнинг натижаси самарали бўлмайди, — дедилар.

Орадан икки кун ўтиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раи­си М.Ерниязов Нукус шаҳрида эмас, республикамизнинг энг чекка ҳудуди Мўйноқ туманида Орол денгизининг қуриган тубида, яъни, яшил ўрмонзорлар барпо этилаётган ҳудудда ёшлар билан учрашув ўтказди. Унда ушбу ҳудудда саксовул экаётган ёшлар, шунингдек, республикамиздаги бир қатор фаол ёшлар қатнашди. Учрашувда бугунги кунда мамлакатимизда Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар яратиш борасида улкан ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, тадбир давомида Орол денгизининг қуриган ҳудудини яшил ўрмонзорга айлантириш ишларида қизғин меҳнат қилаётган бир гуруҳ илғор ватандошларимизга «Ўатан пидайысы» кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.

Давлатимиз раҳбари ёшлар билан учрашувда “Ҳамма ишларимиз, ислоҳотларимиз Ўзбекистоннинг эртанги куни учун. Келажагимиз замини эса – сиз, ёшлар. Кўзларингиздан кўриб турибман: сизлар билимли, Ватанимизга муносиб фарзанд бўлиб етишасизлар. Бунинг учун ҳамма шароитларни яратиб берамиз”, деди ва учрашув давомида ёшларнинг фикр ва таклифлари билан ҳам қизиқди.

Ўшанда «Ниҳол» мукофоти совриндори Шираз Турсинбаев Қорақалпоғистонда «Опера мактаби»ни ташкил қилиш таклифини билдирди. Бу таклиф Президентимиз томонидан маъқулланди ва  айни кунларда Нукус шаҳрида опера санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этиш ишлари бошланмоқда. Бу ҳам юқорида таъкидлаганимиздек, янги ташаббусларнинг ижроси Қорақалпоғистондан бошланаётганига бир мисолдир.

Ҳа, бугун Президентимиз ташаббуслари ва алоҳида эътибори туфайли Мўйноқда ҳаёт қайноқ. Мен шу ёшга келиб, Орол денгизига келиб кўрмаган эдим. Давлатимиз раҳбари шунча имкониятларни яратиб турган бир пайтда мен ўзимнинг бу ишимдан хафа бўлдим.  Негаки, давлатимиз раҳбарининг бир гапи бор, «бизга ҳеч ким четдан келиб қилиб бермайди», дейди. Шунинг учун биз қорақалпоғистонлик ёшлар янада фаол бўлиб, Президентимиз ташаббуси билан бошланган бу ишларда камарбаста бўламиз. Яна шуни айтмоқчиманки, Орол денгизининг қуриган тубидан эфирга узатилган Халқаро пресс-клубга республикамизнинг барча вилоятларидаги Ёшлар иттифоқи етакчилари ташриф буюрди, улар ҳам бу ишларга баҳоли-қудрат ўзларининг кўмагини беришларини таъкидлашди. Негаки, Орол денгизининг экологик инқирози бу фақат Қорақалпоғистоннинг муаммоси эмас. Бугунги кунда фақат Ўзбекистоннинг ҳам эмас, бутун дунёнинг муаммосига айланган. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан эса бу инқирозни юмшатиш чоралари кўрилмоқда ва республикамизнинг барча ҳудудларидан бу ерга кўнгиллилар ташриф буюриб, ҳимоя ўрмонзорларини барпо этишга ўзларининг ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Эътиборлиси, Орол денгизининг қуриган тубидаги қум саҳросини яшилликка буркаш барча юртдошларимизнинг умумхалқ ишига айланмоқда. Ҳар бир юртдошимиз бу эзгу ишга ҳисса қўшиш илинжида. Ҳатто, Мўйноққа келиш имкони бўлмаганлар ҳам махсус жамғармага ўзларининг шахсий ҳисобларидан маблағ ўтказиб, масофадан туриб ҳам бу ерда ишлаётганларга кўмакдош бўлмоқдалар. Бунда албатта фаол ёшларнинг ўрни, ҳиссаси алоҳида бўлаётир.

Шундай экан, Президентимиз таъкидлаганларидек “Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз. 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади”.

* * *

Жамшид Ходжаев,

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилоят Кенгаши раиси:

Мен Мўйноққа илк бор келишим. Бу ерда қилинаётган ишларни кўриб, тўғриси ҳайратландим. Бу баландпарвоз гап эмас. Негаки, бизнинг вилоятда ҳам мана шундай чўл ҳудудларида жойлашган туманлар бор. Аммо, қисқа даврда Мўйноқни, бу ерда қилинаётган бунёдкорлик ишларини кўриб, ҳар ким ҳам ҳайратланса керак.

Мўйноқни обод қилиш, Оролнинг қуриган тубида яшил ҳимоя ўрмонзорларни барпо қилиш ишларида ҳудуд ёшлари фаол иштирок қилаётган экан. Уларга бу ерда қулай шароитлар яратиб берилганига гувоҳ бўлдим.

Орол тубида ўтказилган Халқаро пресс-клубда  иштирок этиб бу ерда қилинган ва қилиниши режалаштирилаётган ишлардан хабардор бўлиб, ўзим учун хулоса қилдим. Мен билан бирга шу ерга ташриф буюрган мамлакатимиздаги барча вилоятларнинг Ёшлар иттифоқи Кенгаши раислари ҳам ҳудудларидаги ёшларни бу ердаги оламшумул ишларга жалб қилиш, мана шундай катта ишларга озгина бўлсада ҳисса қўшишни режалаштираётган бўлсалар керак.

Фурсатдан фойдаланиб республикамизнинг барча ёшларига қарата мурожаат қилиб айтмоқчиман, Муҳтарам Президентимиз дунёнинг энг нуфузли, халқаро ташкилотлари минбаридан туриб дунёҳамжамияти эътиборини Орол денгизи инқирози оқибатларини юмшатишга қаратган, бу борада халқаро фондлар ташкил қилиниб, бош­қа давлатлар, қўшни республикалар ҳам мана шу ишга ўзларининг ҳиссаларини қўшаётган бир пайтда Ўзбекистон аҳолиси, ёшлари четда қараб туриши бу умуман тасаввур қилиб бўлмайдиган ҳолат, деб ўйлайман. Шунинг учун бутун мамлакатимиз ёшлари бирлашиб, Орол денгизи тубида қилинаётган ишларга озгина бўлсада ўз ҳиссасини қўшишга чақириб қоламан.

Президентимиз йиғилишларнинг бирида биз бирлашсак барча мақсадларимизга эришамиз, деган эди. Биз ёшлар ҳам Орол тубидаги қумликлар ўрнида ҳимоя ўрмонзорларини барпо қилиш, юртимизнинг экологик ҳолатини яхшилаш, Мўйноқни обод қилишдек эзгу мақсад йўлида бирлашсак, кўзлаган мақсадимизга албатта эришамиз.

Ўйлайманки, юртимиз ёшлари бу каби чақириққа ўзларининг амалий ишлари билан жавоб берадилар. Шу ўринда биз ҳам вилоятимиз ёшлари билан Орол денгизининг қуриган тубида саксовул экиш ишларига кўмак бериш бўйича ўзимиз учун алоҳида вазифаларимизни белгилаб олдик.

Бу 2020 йилда амалга ошириладиган ишларимизнинг бир йўналиши бўлади. Чунки, биз ёшларнинг бу йилдан умидларимиз катта.