2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилади


Давлатимиз мустақилликка эришгандан буён аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилмаган. Ўзбекистон Республикасида бу тадбир сўнгги бор собиқ иттифоқ даврида, аниқроғи 1989 йилда ўтказилган. Ҳолбуки, ҳар бир жамиятда аҳолини рўйхатга олиш камида ҳар 10 йилда ташкил қилиниши белгиланган. Энди бу тадбир Ўзбекистонда ҳам йўлга қўйилади. Бунга Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони асос бўлади. Фармоннинг 2-бандида аҳолини рўйхатга олишнинг устувор жиҳатлари алоҳида қайд этилган.

Улар қуйидагилардан иборат, аҳолини рўйхатга олиш мамлакатда яшовчи барча аҳолига тегишли бўлган демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил этиш ва эълон қилишнинг ягона жараёнини ўз ичига олиб, аҳоли тўғрисидаги маълумотларнинг асосий манбаи ҳисобланади.

Ҳудудларни ривожлантириш ва жамиятнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам кўрсатиш бўйича сиёсий ва бошқарув қарорларини қабул қилиш учун зарур маълумотларни олиш имконини беради. У аҳоли сонини ишонч­ли ҳисоблаш, шунингдек, аниқ белгилаб қўйилган ягона ҳисобга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий ва иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлашнинг универсал усулини ишга ­солган ҳолда расмий статистика тизимида асосий роль ўйнайди.

Юқорида қайд этганимиздек, бизда яқин 30 йил мобайнида аҳолини рўйхатга олиш чора-тадбирлари амалга оширилмаган. Бу ўз навбатида, объектив маълумотларни йиғиш ва ижтимоий-иқтисодий режаларни аниқ режалаштириш масалаларига соя солди, албатта. Яъни, қаерда ва қачон бутун аҳолини реал қамраб оладиган шифохона қуриш, мактаб барпо этиш, талабларга мос мутахассислар тайёрлаш каби ижтимоий масалалар мавжуд.

Тарихий манбаларга кўра, аҳолини рўйхатга олиш қадимий даврларга бориб тақалади. Аниқроғи, давлатчилик шаклланиши билан аҳолини ўз даврига мос равишда рўйхатга олиш кўринишлари пайдо бўлган. Уларнинг энг асосийлари қуйидагилар ҳисобланган;

биринчидан, давлат ўзига юклатилган вазифаларни ижро қилиши учун ғазнасига солиқ йиғиши, солиқлар қанча тушишини олдиндан башорат қилиш учун эса мамлакатда фуқароларнинг рўйхати зарур бўлган. Аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки куртаклари шу зарурат ҳосиласидир;

иккинчидан, мамлакатни ташқи-ички ёвдан асраш учун ҳарбий аскар ва зобитлар зарурати бўлган. Уларнинг сони қанча, ёши нечадалигини билиш учун аҳоли рўйхатига эҳтиёж туғилган.

Аҳолини рўйхатга олиш қадимги Миср, Афина, Рим ва Хитойда пайдо бўлган. Кейинчалик, бу тартиб Европа мамлакатларида ҳам йўлга қўйила бошлаган.

Ҳозирги кунга келиб, дунё тажрибасида аҳолини рўйхатга олиш хилма-хил ва ранг-барангдир. Ҳар бир давлат ўз географик жойлашуви ва миллий таркибидан келиб чиққан ҳолда бу жараён­ни ташкил қилади. Лекин бутун инсоният учун умумийлик кўрсаткичлари ҳам мавжуд бўлиб, у аҳолини рўйхатга олиш ­дастури дейилади. Дастурда рўйхатга олиш анкетаси муҳим ахборот воситаси ҳисобланади.

Бу анкета аҳоли ҳақидаги маълумотларни олиш учун зарур бўлган саволлардан таркиб топади. У масалан, манзили; доимий ёки вақтинча истиқомат қилиш жойи; демографик аломатлари; жинси; ёши; оилалиги; фуқаролиги; ирқий мансублиги; миллати; диний эътиқоди ва шу кабилар ҳақидаги саволлардан иборат.

Хорижий манбаларни ўрганиш ва таҳлил қилиш жараёнидаги хулосаларга таяниб, аҳолини рўйхатга олишга қуйидагича таъриф берилади: “Аҳолини рўйхатга олиш – алоҳида бир мамлакат аҳолисининг чекланган бир қисми ёки тўлиқ барчасининг муайян давр ҳолатига таалуқли бўлган ижтимоий, иқтисодий ва демографик кўрсаткичларни йиғиш, уларга ишлов бериш ва таҳлил этиш натижасида тўпланган маълумотларни эълон қилиб, чоп этиш фаолиятидир”.

Аҳолини рўйхатга олиш бўйича қабул қилинган концепция талаблари ҳамда 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга доир комплекс чора-тадбирлар дастурини ўз вақтида ва тўлиқ ижро этиш, самарадорлиги юқори бўладиган қўшимча чоралар бўлса, уларни ҳам жадал амалга ошириш мақсадга мувофиқдир. Бунда ривожланган мамлакатларнинг бу борадаги самарали тажрибаларидан фойдаланиш даркор.

С.Бекмуратов,

Қорақалпоғистон Республикаси статистика бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.