26 оилада 50 йиллик олтин тўй


Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Хўжайли тумани ҳокимлиги томонидан туманнинг марказий майдонида Хал­қаро оила куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.

Унда республикамиздаги барча шаҳар ва туман хотин-қизлар қўмиталари раислари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Байрам тадбири туманда яшовчи ҳунарманд хотин-қизлар томонидан тайёрланган ҳунармандчилик буюмлари, шунингдек, қозоқ, туркман, рус, корейс, ўзбек ва қорақалпоқ миллий таомлари ва либослар кўргазмасини томоша қилишдан бошланди.

Кўргазма давомида ҳарбийлар, спортчилар, китобхон оилалар билан суҳбатлар ўтказилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Ибрагимова, Хўжайли туман ҳокими ­Ж.Ермашов ва бошқалар сўзга чиқиб, иштирокчиларни байрам билан қизғин табриклади ҳамда юртимизда оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтишди.

Тадбирда тумандаги энг намунали 26 та оила соҳибларига 50 йиллик олтин тўйи муносабати билан байрам ­совғалари тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, турли миллат вакилларидан иборат оилаларга ҳам байрам совғалари тақдим этилди.

Тадбир саҳна кўринишлари ва эстрада юлдузлари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.