73 Ёшли отахон томорқасидан 40-50 миллион сўмлик даромад олади


Амударё тумани «Халимбек» ОФЙда истиқомат қилувчи 73 ёшли Жумабой ота Юлдашев ҳамон чарчоқ нималигини билмайди. У ҳар куни ўз томорқасида банд.

– Мен ҳар йили томорқа еримдан 40-50 миллион сўм даромад оламан, — дейди отахон.

Томорқамга иссиқхона қурганман. Алоҳида питомник-иссиқхонада тувакларга помидор, бодринг, булғор қалампири ва бош­қа кўчатларни экиб, кун исиши билан очиқ майдонга жойлаштираман. Биз бозордан ҳеч қандай мева-сабзавот, полиз маҳсулотларини сотиб олмаймиз. Ҳаммаси ўзимизнинг еримизда етиштирилади. Гўшт ва сут ҳам ўзимизда. Уй паррандаларининг ҳамма турини, қўй-эчки, қора мол сақлаймиз. Уйимиз олдида 4 сотих майдонда ҳовузимиз бор. Балиқ ҳам етиштирамиз.

Отахон шундай улуғ ёшга етганига қарамай, ҳамон тетик.

Жумабой отанинг таъкидлашича, меҳнат кишини қаритмайди, аксинча, инсонга куч беради. Ерни онага бежиз қиёслашмайди. Ер инсонни боқади, агар сиз унга меҳр берсангиз.

Суратда: Жумабой ота Юлдашев.

М.Ҳабибуллаев олган сурат.