Афғон уруши фахрийлари тадбиркорлик фаолиятини бошлайди


Ўзбекистон “VETERAN” уруш фахрийлари ва  ногиронлар бирлашмасининг Қорақалпоғистон бўлими ва Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати –Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғис­тон Республикаси Кенгаши билан ҳамкорликда фахрийлар учун “Меҳнатсевар оилам” дастури асосида ўқув семинари  ташкил этилди.

Тадбирда Хўжайли, Кегейли,  Нукус туманлари ҳамда Нукус шаҳридаги уруш фахрийлари иштирок этди.

Тадбирда афғон уруши фахрийларини 8 ой давомида тадбиркорлик йўналиши бўйича профессор-ўқитувчилар томонидан ўқитиш ҳамда тижорат банклари томонидан 25 нафар афғон уруши қатнашчиларига ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун ёрдам бериладиган бўлди.

— Уруш фахрийларини ишга жойлаштириш, тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун кўпгина имкониятлар яратилган, — дейди бирлашманинг Қорақалпоғистон бўлими раҳбари Б.Таджимов. — Бирлашманинг асосий мақсади – Ўзбекистон уруш фахрийлари, уруш ногиронлари ҳамда вафот этган ҳарбийларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни тиббий ва маънавий соғломлаштириш ҳамда реабилитациясини таъминлашда ёрдам кўрсатишдан иборат.

Семинарда иштирокчиларга банк томонидан бериладиган кредит турлари, кредит олишнинг қонун-қоидалари ва тадбиркорлик фаолиятига оид тушунчалар берилди.