Аждодларни хотирлаш — муқаддас қадрият


Пойтахтимиздаги «Мотамсаро она» ҳайкали олдида 9 май — Хотира ва қадрлаш куни, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлганлар хотирасига ­ҳурмат бажо келтиришга бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Унда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, депутатлар, вазирликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик ва ­оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

8 май. Соат 9:00. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов, Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев ва бошқа расмий кишилар ҳарбий оркестр садоси остида «Мотамсаро она» ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйдилар.

Бу йилги  9 май — Хотира ва қадрлаш кунини нишонлашга алоҳида тайёргарлик кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Мазкур тадбирлар «Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият», «Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч» шиорлари остида ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 23 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги ­фармони асосида уларга фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 74 йиллиги муносабати билан Президентимизнинг байрам табриги, 7 миллион 500 минг сўм миқдорида пул мукофоти, қимматбаҳо совғалар, ҳокимликлар, тегишли вазирликлар, жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан совғалар топширилди. Бундан ташқари, иккинчи жаҳон урушида ва фронт ­ортида меҳнат қилган, хизмат вазифасини бажариш чоғида вафот этган ҳарбийлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзолари ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилди.

Тадбирда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.

Шундан сўнг ҳарбий техникалар, қурол-яроғ, мотоцикллар, отлиқ ва пиёда аскарлар саф тортиб ўтдилар.

«Мотамсаро она» ҳайкали майдонида уруш йилларидаги окоп ва блиндажларда шу даврнинг ҳарбий техника қуроллари, қурол-яроғ намуналари жойлаштирилди. Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг аскарлари иштирокида халқимизнинг жанг майдонларида кўрсатган мардлик ва матаноти, аждодларимизнинг фронт ортидаги ҳаёти театр артистлари ва ўқувчи-ёшлар  томонидан намойиш этилди. Санъат усталари ва театр жамоаси томонидан уруш йилларининг куй-қўшиқлари ижро этилди.

Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам тадбирлари барча шаҳар ва туманларда, ўқув ­муассасаларида, меҳнат жамоаларида давом этди.

Д.АБИБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон хабар

агентлигининг шарҳловчиси.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.