Академия мураббийлари Оролбўйида


Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан «Реал Мадрид» академияси ўртасидаги келишувга мувофиқ, мазкур академия мураббийлари Хавьер Вара ва Эктор Висенте Оролбўйига ташриф буюрди.

Айтиш жоизки, академия вакиллари жорий йил июнь ойидаги дастлабки босқичда юртимизда болалар футболи бўйича назарий семинар ўтказган бўлса, сентябрь-октябрь ойларидаги иккинчи босқичда юртимизнинг бир неча қобилиятли ёш футболчилари Мадрид шаҳрига бориб, маҳаллий футбол сир-асрорлари билан танишиб қайтишган эди.

«Real Madrid Foundation Clinic» дастурининг бу сафарги учинчи босқичида хорижлик мураббийлар Сурхондарё, Бухоро, Андижон вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида бўлишди. Мутахассислар Қорақалпоғистон Республикаси Болалар ва ўсмирлар футбол академияси мураббий-ўқитувчилари учун семинар ва «Турон» стадионида ёшлар билан маҳорат машғулотлари ўтказди.