Амударёлик пахтакорлар 32 524 тонна пахта топшириб, шартномавий режасини ортиғи билан бажарди!


Бугун туманимиз қишлоқ хўжалиги ходимлари, фермерларимиз, уларга хизмат кўрсатувчи корхоналар меҳнат жамоалари, қўйингки, бутун туманимиз аҳли ўзгача қувончда. Чунки амударёлик пахтакорлар

2018 йил ҳосили учун 32 минг 524 тонна пахта етиштириб, давлат олдидаги йиллик шартномавий режаларини ортиғи билан бажардилар.

Албатта, бундай натижага эришиш ўз-ўзидан бўлмайди. Қишлоқ хўжалиги соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, сифатли хом-ашё етиштириш ва қайта ишлаш бўйича қабул қилинган ҳужжатлар, жумладан Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2018 йил 28 февралдаги “Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори фермерларимизнинг ерга бўлган, ишга бўлган муносабатини тубдан ўзгартирди. Миришкор фермерларимизнинг яратиб берилган имконият ва имтиёзлардан тўлақонли ва самарали фойдаланиши, туну кун қилган фидойи меҳнатлари ўз натижасини кўрсатди.

Эзгу ният билан қишнинг қаҳратони-ю ёзнинг жазирамасида ҳам ҳар бир тадбирни ўз вақтида сифатли бажарган деҳқоннинг ҳосили албатта баракали бўлади. Шу маънода бугунги эришилган ғалаба ҳам деҳ­қонлари­мизнинг, қишлоқ хўжалиги мутахассисларининг, соҳага хизмат кўрсатувчи барча ҳамкор ташкилотлар меҳнат жамоаларининг ҳамжиҳатликдаги хизматлари самараси десак, ўринли бўлади.

Жорий йилда мавжуд 510 та фермер хўжаликларимизнинг 15 минг 550 гектар ерига чигит экилди, об-ҳаво қийинчиликларига қарамай текис ниҳол олишга эришилди. Қишлоқ хўжалиги экинларининг ўз вақтида суғорилиши мўл ҳосилга ишончли замин яратади. Жорий йилги ғўза вегетация давридаги сувнинг бироз танқислигини инобатга олиб, сувни тежайдиган технология – 4 та кўчма эгилувчан қувурлар комплекси олиб келиниб, фермер хўжаликларига берилди. Суғориш ишларини ўз вақтида самарали олиб бориш учун Хитой Халқ Pеспубликасида ишлаб чиқарилган 30 дона кичик кўчма дизел насослари етказиб берилганлиги ҳам ўз натижасини берди.

Бу каби чора-тадбирлар ғўза ниҳолларининг ортиқча чанқаб қолишининг ва ҳосил нишоналари тўкилишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Натижада куз бошлангунига қадар пахта майдонларимизда ҳосил қийғос очилиб, йиғим-теримга киришилди.

Пахта йиғим-терим мавсумини ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан қисқа муддатларда уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида туманда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, терим олдидан секторлар раҳбарлари томонидан туманимиз ҳудудларида аҳоли билан учрашувлар ўтказилиб, ихтиёрийлик асосида 300 та терим отрядлари шакллантирилди.

Шуниси аҳамиятлики, бу йил Амударё тумани пахта ҳосилини ҳашарчиларсиз териб олиш ташаббуси билан чиққан туманлардан бири бўлди. Туманимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида кўп йиллардан буён шаклланган тизим, фидойи ва меҳнаткаш халқимизнинг ҳамжиҳатликда қилган меҳнатлари натижасида давлатга пахта топшириш бўйича шартномавий режани Қорақалпоғистонда биринчи, Ўзбекистонда биринчилар қатори ортиғи билан уддалаб, меҳнат зафарига эришилди. Бунинг учун барча юртдошларимизга чуқур миннатдорчилигимни билдираман.

Бу йилги бунёд этилган хирмон нафақат фермер хўжаликлари даромадининг ошиши, балки туманимиз аҳолиси ҳаётининг фаровонлиги ва турмуш даражасининг янада яхшиланиши учун ҳам катта аҳмиятга эга бўлди. Чунки жорий йилда пахтанинг харид нархи оширилгани, терим учун ўтган йилларга солиштирилганда деярли икки баробардан ортиқ ҳақ тўлгангани фермерлар ва ҳашарчиларнинг моддий манфаатдорлигини оширишда муҳим омил бўлди. Шунинг­дек, бу омил вақтинча ишсиз юртдошларимизнинг йиғим-теримда иштирок этиб, оиласига қўшимча даромад келтириш воситаси ҳам бўлди.

Пахта терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароитларнинг яратилгани, жумладан дала бошида иссиқ овқат ва чой ташкил этилгани, илғор теримчилар доимий равишда рағбатлантириб борилгани, маданий-маърифий тадбирларнинг ўтказилиши, терим пулларининг ўз вақтида кунлик ҳисоб-китоб қилиб борилгани пахтакорларга янада куч бағишлади. Шу кунгача туманимиз бўйича жами 24 млрд. сўмдан зиёд нақд пул терим ҳақи сифатида тарқатилди. Жами йиғиб-териб олинган 32 минг тоннадан ортиқ пахтанинг асосий қисми биринчи навга топширилгани эса фермерларимизнинг юқори даромад олишини таъминлайди.

Фурсатдан фойдаланиб, барча қишлоқ хўжалиги ходимларини, деҳқон ва фермерларимизни, ҳашарчи ва ёрдамчиларни, пахта йиғим-теримига ўзининг ҳиссасини қўшган барча юртдошларимизни эришилган меҳнат зафари билан чин қалбимдан табриклайман ва ўзимнинг самимий ташуккуримни билдираман. Машаққатли меҳнатингизнинг ­роҳатини кўриш бахти Сизга насиб этсин, азиз юртдошлар!

Султонбой Йўлдашев,

Амударё тумани ҳокими.