Археологияга бахшида умр


Ёшлар марказида Ўзбекис­тон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлимининг Қорақалпоқ гуманитар фанлар тадқиқот институти археология бўлими бошлиғи, Ўзбекис­тон Қаҳрамони ­айратдин Хожаниязов таваллудининг 70 йиллигига бағишланган кеча бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими раҳбари, академик Н.Айимбетов бошқариб борди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари О.Ҳамроев таниқли археолог олимни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан қизғин қутлади.

Шундан сўнг, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети профессори М.Қдирниязов, Австралиянинг Сидней университети профессори А.Беттс, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Археологик тадқиқотлар институти директорининг ўринбосари Ф.Мақсудов, Самарқанддаги халқаро Марказий Осиё тадқиқотлар институти етакчи мутахассиси А.Искандарова ва бошқалар сўзга чиқиб, олимнинг мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш, хусусан археология ёдгорликларини очиш ва уларни қайта тиклаш, ёш мутахассисларни тайёрлашдаги кўп йиллик меҳнатлари хусусида тўхталишди.

­.Хожаниязов 1948 йилда Қораўзак туманида туғилди. 1972 йилда Қорақалпоқ давлат педагогика институтини битказгач, йўлланма билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлимининг Н.Дав­қараев номидаги Тарих, тил ва адабиёт инс­титути археология бўлимига ишга қабул қилинади. Ҳарбий хизматдан келгач, Москва давлат университетида, собиқ иттифоқ фанлар академиясининг Археология институтида тажриба орттиради.

Унинг ҳақиқий археолог бўлиб етишишида аввало меҳнатсеварлиги, ўзига талабчанлиги, қолаверса В.Ягодин, М.Мамбетуллаев, Е.Бижанов каби устозларининг кўмаги ва улар раҳбарлигидаги экспедицияларда иштирок этгани муҳим омил бўлди.

Мана, ўшандан буён ўтган қирқ йиллик давр мобайнида у дала-археологик экспедицияларида узлуксиз иштирок этиб келмоқда. Шунингдек, ўзи ҳам Жанубий қорақалпоқ, Шимолий қорақалпоқ, Миздакхон каби кўплаб арехеологик экспедициялар ташкил этди.

Буюк Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллигига бағишлаб Туркманис­тоннинг Тошҳовуз вилояти, Хоразм вилояти ва республикамиз бўйлаб ташкил этилган «Амир Темур излари бўйлаб» экпедициясига раҳбарлик қилди. ЮНЕСКО томонидан ташкил этилган «Буюк Ипак йўли-диалог йўли» халқаро экспедицияси, Хива, Хўжайли, Чимбой шаҳарларининг ёшини аниқлаш тадбирларида қатнашди. Археологик жараёнлар мобайнида илгари фанга номаълум бўлган Ақшунгул (Қўнғирот тумани), Кетмончи бобо, Сулаймон Ҳаддодий Мусевий ҳонақоси, мақбаралар (Хўжайли тумани), Дали қалъа, Ақчахон қалъасининг узун девори, Свент тепа (Беруний тумани), Тупроққалъа №3 (Элликқалъа тумани), қадимги зардуштийлар, шунингдек қорақалпоқларнинг XVII-XIX асрлардаги қабристонлари (Нукус тумани), Порлитов (Чимбой), Саид Насиб ва Мурод шайх миноралари (Қораўзак тумани) каби ёдгорликлар очилди. Ўзининг илмий тадқиқотлари орқали фанда илк бор қадимий Хоразм фортификациясини бир тизимга туширди ҳамда унинг Ўрта Осиёдаги ўрнини аниқлади. Халқимизнинг ардоқли фарзандлари Мурод шайх, Жиян жиров, Ўташ шоир, Ажиниёз, Бердақ, тентак Қулши ўғли ва бошқаларнинг қабри аниқланди, уларга ёдгорликлар ўрнатилди.

У бир неча маҳаллий ва халқаро грант лойиҳалари қатнашчиси, уларнинг баъзиларига ўзи раҳбарлик қилмоқда. 1995 йилдан буён Қорақалпоғистон-Австралия халқаро экспедициясининг асосий ижрочиларидан биридир.

Археолог олимнинг хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланган. «Ўзбекистон мустақиллигининг 10 йиллиги» кўкрак нишони, «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланди. 2008 йилда мамлакатимизнинг энг олий мукофоти «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Тадбир сўнггида ­айратдин Хожаниязов унинг хизматларини юксак эътироф этгани учун Президентимизга чексиз миннатдорлик билдирди.

Д.АБИБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги мухбири.