АХБОРОТ ХИЗМАТЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ЯХШИЛАШ БУГУНГИ КУННИНГ ТАЛАБИДИР


Барчамизга маълумки, бугунги кунга келиб кўпгина вазирлик ва идораларда  ахборот хизмати фаолияти йўлга қўйилган.

Уларнинг асосий вазифалари – давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва аҳоли орасида самарали ва очиқ суҳбатни йўлга   қўйиш, кенг жамоатчиликни оператив маълумот билан ўз вақтида таъминлашдир. Яъни тегишли ҳужжатларда уларга давлат ва хўжалик органи фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликни оператив ва объектив маълумот билан таъминлаш, ОАВлари ва бошқа давлат органлари ахборот хизматлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш,  давлат органининг расмий веб-саҳифасида, ижтимоий тармоқларда ва мобил иловаларда   маълумотларни ўз вақтида янгилаб туриш, ахборот майдонини мониторинг қилиш ва ўрганиш, бошқа муассасалар ахборот хизматлари билан ҳамкорлик қилиш натижасида таҳлилий материаллар яратиш,   камида бир ойда бир маротаба брифинглар, матбуот анжуманлари ташкил қилиш, жумладан давлат ва хўжалик бошқарув органи раҳбари иштирокида, фото, аудио ва видео материаллар заҳирасини яратиш ва бошқа вазифалар юклатилган.

Хўш, бугун ахборот хизматлари ходимларининг ­оммавий ахборот воситалари билан алоқалари қандай? Улар шу соҳадаги ислоҳотларнинг шаффофлигини таъминлашга ҳисса қўша олаяптими? Тегишли вазирлик ёки ташкилот фаолиятига оид етарли ахборот манбаларига эгами? Уларни талаб даражасида ОАВ ларига тақдим эта оладими?

Афсуски, бу саволларга (тегишли сайтларни очиб, ижтимоий тармоқларда фаол бўлган ахборот хизматлари бундан мустасно) ижобий жавоб топиш қийин.

Одатда журналистлар ахборот хизматларига тегишли ташкилотнинг замонавий талабларга мувофиқ белгиланадиган ахборот сиёсатидан келиб чиқиб, янгиланган ва тўғри  маълумотларни олиш мақсадида (нотўғри маълумотлар тарқатмаслик учун) мурожаат қилади. Лекин, минг афсуски ахборот хизмати ходимлари ҳамиша ҳам журналистлар билан гаплашишга (маълумот бериш қийин масала) вақт топа олишмайди. Бундай мисоллар жуда кўп.

Масалан, жорий йилнинг 16 январида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг “Қорақалпоғис­тон Республикаси ҳудудида қирғовулларни ҳимоя қилиш ва бош сонини кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Биз мазкур қарорга мутахассислар номидан муносабат тайёрлаш мақсадида тегишли ташкилотнинг ахборот хизмати ходимига мурожаат қилдик. Ахборот хизмати ходимидан мазкур қарорни қабул қилишга сабаб бўлган омиллар, бугунги кун учун аҳамияти ва эндиликда жорий қилинаётган талаблар бўйича режаларни шу йўналишдаги мутахассислар номидан беришимизни айтиб, маълумот сўрадик. Ҳафта давомида маълумотдан дарак бўлмагач унга қўнғироқ қилиб мазкур қарор бўйича соҳа мутахассисининг муносабати газетамизда берилиши кераклигини айтганимизда — муносабат бу — кўрсатув эмасми, шундай кўрсатувни билардим, — деб қолди. Унга яна қайта-қайта тушунтирдим ва яна кутдим. Лекин ҳолат ўзгармагач, ўша ахборот ходимига маълумот беришда қандайдир муаммо борми, бўлмаса раҳбарингиз олдига ўзим кириб маълумот сўраб кўрай, дедим. Шундан кейингина орадан бир кун ўтиб, қарор қабул қилишга таклиф киритилгани, қарор қабул қилингани ва раҳбарликка олингани ҳақида қисқача маълумот берилди. У маълумотда на фикр, на муносабат бор эди…

Журналистларга зарур маълумотларни тақдим қилмаслик бошқа вазирликлар фаолиятида ҳам кузатилади. Масалан, ўтган йили тиббиёт соҳасини ривожлантириш борасидаги вазифалар ва амалга оширилаётган ишлар юзасидан вазир ёки унинг ўринбосари номидан мақола тайёрламоқчи бўлганимизда бир неча бор мурожаат қилиб ҳам тегишли маълумотларни ололмаган эдик.

Кўпчиликка маълумки, сўнгги пайтларда Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва алоҳида топшириқлари асосида банк ходимлари уйма-уй юриб, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга, оилавий даромадларини оширишга қаратилган имтиёзли кредитларини таклиф қилмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, айни кунларда республикамизда томор­қа ерларидан унумли фойдаланиш тадбири ўтказилаётганлиги боис, иссиқхона қуриш ва оилавий бизнесни йўлга қўйиш ишларида банк кредитларининг ҳиссасини кўрсатиш мақсадида “Агробанк”нинг Қорақалпоғистон бўлимига мурожаат қилдик. Банкда ахборот ходими бўлмаганлиги боис (раҳбарнинг ижозати билан) кредит бўлими бошлиғига учрашдим. Бўлим раҳбари барча маълумотлар кечгача тайёр бўлади, раҳбаримизга кўрсатиб кейин бераман, деди. Маълумотни беравермагач, кейинги бор телефонда гаплашганимда раҳбарингиз билан ўзим бориб гаплашай, дедим. У йўқ ҳали раҳбаримиз ишга келмаяпти, туманда келса айтаманку… деб бироз аччиқлангандек, туюлди.

Бундай ҳолатларнинг сабабларини ҳам таҳлил қилиб кўрдик. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, кўпгина вазирлик ва идораларда ахборот хизматларида фаолият юритаётганлар журналист мутахассислигига эга эмас. Улар бу борада “қўйнидан тушса қўнжига” қабилида иш тутишган. Яъни бу вазифани ўзларининг бирорта ходимига юклашган. У ходимда эса маълумотларни умумлаштириш,  мақола ёзиш, матбуотга тайёрлаш ва ОАВлари билан ишлаш салоҳияти етишмайди.  Ваҳоланки, қанча-қанча журна­листлар ишсиз юрибди. Айрим ахборот хизмати ходимларининг асосий иш фаолияти бошқа вазифаларни бажариш бўлгани боис бу масала охирги ўринга тушиб қолган.

Энди бу борадаги тегишли ҳужжатларда ахборот хизматлари олдига қўйилган талаблар ҳақида қисқача тўхталиб ўтайлик.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  2018 йил 15 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳозирги шиддат билан ривожланаётган дунёда ахборот ва билим энг муҳим миллий ресурсларга, уларни яратиш ва тарқатишни таъминловчи тизимлар эса — барқарор ривожланишнинг стратегик омилларига айланаётганлиги, ахборот олишда мансабдор шахсларнинг жамият олдидаги ҳисобдорлиги, очиқлиги ва масъулиятини таъминлаш зарурлиги алоҳида таъкидланади. Мазкур қарорга кўра “… жамиятни давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятидан кенг хабардор қилиш, уларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини таъминлаш «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир» деган конституциявий нормани амалга оширишнинг, «Халқ давлат идораларига эмас, балки, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган эзгу ғояни рўёбга чиқаришнинг муҳим шарти ҳисобланади”.

Тўғри, ҳозирги кунда раҳбарларнинг ишлари ҳақиқатда жуда кўп ва улар журналистлар билан суҳбатлашишга вақт топа олмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам юқоридаги қарорга мувофиқ, ахборот хизмати ходимлари зиммасига давлат ва хўжалик бошқаруви органининг фаолияти, унинг фаолият соҳасига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида кенг жамоатчиликни холисона, сифатли ва тезкор хабардор қилиш вазифаси юклатилган.

Вазирлар Маҳкамасининг  юқорида келтирилган қарорининг 1-бандида “… давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тар­қатишга доир ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган нормалари ижросини сўзсиз ва сифатли таъминлаш барча даражалардаги давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг энг устувор вазифаларидан бири деб ҳисоблансин”, дея қатъий белгиланган.

Ғайратжон ОТАЖОНОВ.