БАЛИҚЧИЛИК СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР аҳоли турмуш фаровонлигини ошириши билан аҳамиятли


Балиқ етти хазинанинг бири ҳисобланади. Азалдан Оролбўйи халқларининг турмуш фаровонлигини таъминлашда балиқчилик тармоғининг аҳамияти катта бўлган. Кейинчалик минтақада юзага келган сув тақчиллиги, қолаверса балиқчилик соҳасида ўз вақтида тегишли ислоҳотлар олиб борилмаганлиги туфайли ҳудудда балиқ етиштириш кескин камайиб кетган эди.

Ҳозирги кунга келиб, бевосита давлатимиз раҳбарининг балиқчилик соҳасини ривожлантиришга қаратаётган эътибори туфайли соҳада туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Масалан, жорий йилнинг ўзида ­Президентимиз томонидан балиқчилик соҳасини ривожлантиришга оид бир неча қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг 2018 йил 6 ноябрдаги “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида балиқчилик соҳасида тўлиқ тизимли (инкубация цехи, чавоқ ва товар балиқ етиштириш, юқори оқсилга бой балиқ еми, қайта ишлаш ва сақлаш) ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган балиқчилик кластерларини ташкил этиш назарда тутилмоқда.

Ташкил этилаётган балиқчилик кластерларининг йиллик балиқ етиштириш қуввати камида 50 тонна бўлган тақдирда улар 2019 йил 1  январдан бошлаб дастлабки уч йил давомида барча солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод этилади.

— Президентимизнинг 2018 йил 3 февралдаги «2018 йилда балиқ маҳсулотларини етиштириш ҳажмини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2018 йил 7 февралдаги тегишли қарори асосида республикамизда жорий йил давомида 12 минг тонна балиқ етиштириш режаси белгиланганди, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Балиқчилиқни ривожлантириш бўлими бошлиғи Бахтияр Қойшибаев. — Мазкур режага асосан 1 ноябрь ҳолатига жами балиқчилик хўжаликлари бўйича 7356 тонна балиқ овлашга эришилди. Балиқчилик соҳасини ривожлантириш бўйича 29 та лойиҳа амалга оширилиб, уларнинг умумий қаймати 14 млрд. 849 млн. сўм бўлиб, ушбу хўжаликларда 138 киши иш билан таъминланди.

“Мўйноқ аква саноат” давлат унитар корхонасининг 35 млн. дона, “Нукус балиқ” масъулияти чекланган жамиятининг 30 млн. дона, “Аму Тўлқин балиғи” масъулияти чекланган жамиятининг 15 млн. дона ва “Антиқа” фермер хўжалигининг 30 млн. дона қувватига эга инкубация цехлари томонидан балиқчилик хўжаликларига балиқ личинкалари етказиб берилмоқда. Жорий йилнинг май ойидан бошлаб “Супер балиқлари” фермер хўжалиги томонидан 120 млн. дона қувватликдаги инкубация цехи ишга тушурилди.

Хўжайли туманидаги “Хўжайли гўшт Давкар” масъулияти чекланган жамиятига туман ҳокимининг қарори билан ер майдонлари ажратилди. Бугунги кунда қурилиш ишлари тугатилиб, керакли ускуналарни ўрнатиш ва 100 дона қафас (садок) мосламаларини ҳарид қилиш учун кредит маблағларини ажратишга “Ипотека банк” АТИБ Қорақалпоғистон Респубикаси филиалига тегишли ҳужжатлар топширилди.

Маълумки, ўтган йилда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси мутахассислари ва “Қарақалпақбалиқсаноат” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Хитой давлатида сафарда бўлган эдилар. Балиқчилик хўжаликлари билан ўзаро алоқаларни ривожлантириш ва соҳага янги технологияларни жалб этиш мақсадида уюштирилган сафар давомида хитойлик ҳамкор илмий тадқиқот институти ва компаниялар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ташкил этиш бўйича меморандум имзоланди.

Шунга кўра Хитой давлати Хайлуцзян провинцияси “Балиқчилик ва сув муаммолари” олимлари томонидан Тўрткўл тумани “Супербалиқ” масъулияти чекланган жамиятидаги инкубация цехларида маҳорат дарс­лари ўтказдилар. Ўтказилган маҳорат дарсларида карп балиқларидан янги интенсив усулда увилдириқ олиш технологияси бўйича амалий инкубация ўтказилди. 15 кун давом этган мазкур  тадбир давомида чет эллик олимлар томонидан  республикамизнинг балиқчилик хўжаликлари имкониятлари ўрганиб чиқилди ва (карп, оқ ва қора амур, туркистон мўйловдори) балиқ турларини ҳудудларда янгидан ташкил этиладиган репродуктор ҳавзаларда ­сунъий етиштиришни йўлга қўйиш ва ушбу турларни интенсив етиштириш технологиясини кенг жорий этишга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг 2018 йил 6 ноябрдаги “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ балиқчилик соҳасини ривожлантиришга илм-фан ва янги технологиялар кенг жорий қилинмоқда. Жумладан, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси Балиқчилик илмий-тадқиқот институтининг илм-фан соҳасини ривожлантириш, инновацион ғоялар, илмий ишланмалар, замонавий технологияларни ишлаб чиқиш  ва амалиётга жорий этиш мақсадида 2019 йилда уюшманинг Балиқчиликни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 1 миллиард сўм йўналтириш белгиланмоқда.

Шунингдек, 2019 йилдан бошлаб ҳар йили ноябрь ойида балиқчиликка оид кўргазма ўтказиш амалиётини жорий қилиш, маҳаллий ҳокимликлар томонидан деҳқон бозорлари в аҳоли гавжум бўлган ҳудудларда балиқ сотишни ташкил этиш учун аквариумлар ўрнатилиши ва ихтисослашган савдо нуқталари ташкил этилиши бўйича манзилли дастурларни тасдиқлаш белгиланган.

Эътиборлиси, Президентимизнинг балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга оид қабул қилинаётган қарорлари асосида балиқчилик соҳасидаги ислоҳотлар натижасида  Оролбўйи аҳолисининг турмуш тарзи янада фаровонлашади.

Ғайратжон ОТАЖОНОВ.