Бешта ташаббус ёшлар имкониятларини янада оширмоқда


Маълумки, шу йилнинг 19 март куни Президентимиз Ш.Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг илгари сурилиши ёшлар ҳаётида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жумладан, биринчи ташаббус  ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бош­қа турларига қизиқишларини ошириш, истеъдодини юзага чиқаришни, иккинчи ташаббус  ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасидаги қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишни, учинчи ташаббус  аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни, тўртинчи ташаббус  ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишни, бешинчи ташаббус  хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади.

Бу борада Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғис­тон Республикаси Кенгаши томонидан олиб борилаётган ишлар ва унинг амалий натижалари ҳақида батафсил сўз юритсак.

— Ёшларнинг ҳақиқий таянчи ва суянчига айланган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашида ишлар жуда қизғин, — дейди Ахборот-таҳлил ва ижро назорати бўлими мудири М.Турсунов. — Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 30  ёшгача бўлган ёшлар сони 1 081 425  нафар бўлиб, ҳудуд аҳолисининг 58,6  фоизини ташкил этади. Республикамиздаги  умумтаълим мактаблари,  ўрта махсус таълим муассасалари, олий ўқув юртлари, шунинг­дек, корхона ва ташкилотларда жами 1 517  та бошланғич ташкилотларимиз бор. Уларда 173 167  нафар ёшлар Ёшлар иттифоқи ва 232 625  нафари “Камалак” болалар ташкилоти аъзолигига қабул қилинган, — дейди суҳбатдошимиз.

Маълумки, Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта ташаббус ёшлар ҳаётида кенг имкониятлар яратиши билан муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур видеоселектор йиғилишида Давлатимиз раҳбари томонидан Маданият  ҳамда Халқ таълими вазирликларига ҳокимликлар билан биргаликда туман ва шаҳарларда маданият марказлари ва умумтаълим мактабларида ёшларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, қўшимча 1,5 мингта тўгараклар ташкил этиш вазифаси белгиланди.

Истеъдодли ёшлар учун маданият марказларида бадиий-ҳаваскорлик жамоалари, ёшлар театр-студиялари ва “Ёшлар клублари” ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, мусиқа ва санъат соҳасида олий маълумотли кадрларни кўпайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Эътиборлиси, талабалар ҳамда ўқувчи ёшлар учун муайян мавзулар бўйича тарих дарс­лари музейлар, тарихий обидалар, қадамжо ва театрларда сайёр ўтказиладиган бўлди. Умумтаълим мактабларининг спорт анжомлари билан жиҳозланиш кўрсаткичи мамлакат бўйича 56 фоизни, жумладан, Қорақалпоғис­тонда 15 фоизни ташкил этар экан. Бу жуда кам албатта.

Видеоселектор йиғилишида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва ёшларни оммавий спортга кенг жалб этиш мақсадида жойлардаги спорт мактабларига халқаро мусобақаларда ғолиб бўлган таниқли спортчиларни раҳбар этиб ­тайинлаш, шунингдек, спортчиларни олий ўқув юртларининг махсус сиртқи бўлимларида мақсадли ўқитиш ўзининг ижобий натижасини бериши қайд этилди. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари сонини кўпайтириш юзасидан топшириқлар берилди.

Шунингдек, ёшларни интернетдаги турли зарарли хуружлардан асраш, уларнинг ахборот технологияларидан самарали фойдаланишларини таъминлаш каби  бугунги куннинг энг муҳим ва долзарб масалаларига ҳам алоҳида аҳамият қаратилди.

Ёшлар маънавиятини юксалтириш, китобхонликни кенг тарғиб этиш мақсадида ҳар бир ҳудудга 1 миллион донадан бадиий, тарихий, илмий, оммабоп мавзулардаги  китоблар етказиб бериш масаласи ҳам кўзда тутилган. Бундан ташқари, ҳудудларда тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича 2019-2020 йилларда ҳар бир туманда енгил конструкцияли тикув-трикотаж корхоналари қуриш ва янги иш ўринларини яратиш белгиланган.

— Биз ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида турли хил тўгараклар, клублар, секциялар фаолиятини йўлга қўйганмиз, — дейди Республика ёшлар маркази Қорақалпоғистон бўлинмаси директори Полат Махсетбаев. — Жумладан, “Ёш тадбиркорлар бизнес клуб”лари, “Ёш фермерлар мулоқот клуб”лари, “Фарзандлик бурчим”, “Таълим ва карьера”, “Ишга мар­ҳамат”, “Ёш депутат”  “Ҳоким ва ёшлар”, “Ёш китобхон”, “Ёшлар-соғлом турмуш тарзи тарафдори” каби ­лойиҳалар доирасида ўтказилаётган турли хил тадбирлар ёшлар ҳаётида ўзининг ижобий натижасини бермоқда.

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус ижроси аввало мактаблардан бошланишига эътибор қаратилмоқда. Яъни ўқувчиларимиз айнан мактаб ёшида маданият, маърифат, санъат, спорт, компьютер технологияси каби соҳалардан етарли билим ва кўникмаларини ҳосил қилишади. Бунинг учун мактабларда турли хил фан тўгаракларини ташкил этиш, маънавий-маърифий тадбирларда ўқувчилар иштирокини таъминлаш, китобхонлик маданиятини шакллантириш, турли хил спорт мусобақаларини уюштириш орқали соғ­лом турмуш тарзини яратиш, компьютер саводхонлигини ошириш белгиланган, — дейди суҳбатдошимиз.

Дарҳақиқат, ёшлар иттифоқи ўз атрофига фақатгина фаол ва ташаббускор ёшларни эмас, балки, уюшмаган ёшларни ҳам жамлаб, уларнинг ҳаётида умид учқунларини пайдо этмоқда. “Ёшлар-келажагимиз” Давлат дастури доирасида 2018  йилги манзилли рўйхатга киритилган 184 та бизнес лойиҳага жами 26 млрд 879 млн 700 минг сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Натижада, 465 та янги иш ўринлари яратилди. Шунингдек, 2019  йилда амалга оширилиши белгиланган 151  млрд. 920  млн. 600 минг сўмлик 551  та ёшлар бизнес лойиҳаларининг манзилли рўйхати шакллантирилди. Мазкур лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 3 625  та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган. Ўтган давр мобайнида таълим, санъат, маданият, спорт каби соҳаларда ютуқларга эришган бир қатор ёшлар уй-жой билан таъминланди. Яъни, ҳар томонлама шинам ва қулай 96  та хонадон ёш оилаларга олам-олам қувонч бахш этди. Шунингдек, жорий  йилда қишлоқ жойларда 51  та ҳамда Нукус шаҳридан 45  та ёш оилага мана шундай “Ёшлар уйлари”ни топшириш режалаштирилган.

Ёшлар орасида ҳуқуқбузарликлар, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг барвақт олдини олиш, шунингдек ёшларнинг сиёсий, ҳуқуқий билимларини ошириш, жиноятчиликни таҳлил қилиш мақсадида ҳар ойнинг учинчи ўн кунлигида “Барчаси ўз қўлингда!” шиори остида тарғибот тадбирлари ташкил этилиб келинмоқда. Бундан таш­қари Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда “Бахтли мактаб – бахтли оила” лойиҳаси доирасидаги учрашув ва суҳбатлар ёшлар ҳаётида ўз самарасини бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018  йил 24  декабрдаги қарори асосида Республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида 139  та “Фидокор ёшлар” жамоатчилик гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилди. Гуруҳ аъзолари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда Республика ҳудудида “Тунги рейд”­лар ташкил этилмоқда.

“Ёшлар кафиллиги” асосида жорий йилнинг 1-чораги давомида 10  нафар ёш суд залидан озод қилиниб, судлар томонидан уларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тури тайинланди.

Бугун республикамиз ҳудудида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва янгиланишлар жараёни ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.

Айниқса, Мўйноқда амалга оширилаётган мана шундай ислоҳотларда фидоий ёшлар отрядининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. “Меҳр Оролни қутқаради” лойиҳаси доирасида саксовул уруғларини йиғиш ишларига жами 1000  нафардан ортиқ фидойи ёшлар жалб этилди. Натижада Орол денгизининг қуриган майдонларида 2  тоннадан ортиқ саксовул уруғлари экилди.

Шунингдек,  жорий йилнинг март ойида мазкур лойиҳа доирасида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабалари ташаббуси билан Мўйноқ тумани атрофларига мевали ва манзарали кўчатлар экиш ҳамда боғлар барпо этиш ишлари олиб борилди. Мўйноқ тумани “Бўзотов” овул фуқаролар йиғинида боғ барпо этилиб, 2  гектар майдонга мевали ва манзарали кўчатлар экилди.

Жорий йилнинг февраль-март ойлари давомида республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркалари ўтказилди. Унда 674  та корхона ва ташкилотлар 3192  та бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Ўтказилган меҳнат ярмаркаларига жами 1471  нафар ёшлар жалб қилиниб,  295 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди.

Ёшларда китобхонликни кучайтириш, китоб ўқишга қизиқтириш, китобхонлик маданиятини шакллантириш, тарбиявий, бадиий эстетик жиҳатдан юксак, сифатли китобларни нашр этиш ва етказиб бериш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида “Энг китобхон мактаб”, “Ёш китобхон” кўрик-танловлари ўтказилиши муҳим аҳамият касб этмоқда. Қолаверса, бу борада ёши катта инсонлар ҳар томонлама намуна бўлиб, “Ўзим ўқиган мактабимга менинг китоб совғам” ­лойиҳаси асосида турли хил тадбирлар ўтказилмоқда. 2018 йилда ўтказилган “Ёш китобхон” кўрик-танловида Президент сов­ғаси — Спарк автомашинаси билан тақдирланган Н.Қўқонова, шунингдек, Ш.Каримбоевалар Ёшлар иттифоқи қошида тузилган “Ёш тарғиботчилар” гуруҳи аъзолари билан мунтазам равишда тарғибот, давра суҳбатлари ўтказиб келмоқда.

Мухтасар айтганда, бугун она Ватанимиз-Ўзбекистонни кенг имкониятлар мамлакати дея эътироф этгимиз келади. Зеро, бунда келажагимиз бўлган ёшлар учун ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар, имконият ва имтиёзлар яратилган. Фақатгина улардан оқилона, мақсадга мувофиқ фойдаланиш зарур.

Феруза Нуруллаева.