БУЮК АЛЛОМАГА ЮКСАК ЭҲТИРОМ


Ўтган жума куни Беруний туманида Абу Райҳон ­Беруний таваллудининг 1045 йиллигига бағишланган бир қатор тадбирлар бўлиб ўтди.

Тадбир қатнашчилари дастлаб аллома қабрини зиёрат этишди. Қуръон тиловат қилиниб, бобомиз хотирасига эҳтиром кўрсатилди.

Шундан сўнг, туман марказида Абу Райҳон Беруний ҳайкалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Уни туман ҳокими А.Сапарбаев кириш сўзи билан очди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ­М.Ерниязов сўзга чиқиб, йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 27 йиллик байрами ва буюк алломанинг ҳайкали очилиши билан қутлади.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йил 30 декабрда юртимизнинг бир гуруҳ олимлари билан бўлган учрашувда «…Фан билан шуғулланиш игна билан қудуқ қазишдек гап. Шундай экан, бу машаққатли соҳада фидоий меҳнат қилиб келаётган олимларимизнинг хизмати қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга лойиқдир», дея таъкидлаган эди.

Чиндан ҳам, бугунги авлод аждодларимизнинг фан ривожига, инсонларнинг маънавий оламини бойитишга қўшган ҳиссасидан ҳар қанча фахрланса арзийди. Зеро, узоқ тарихимизга назар ташлайдиган бўлсак, уларнинг жаҳон цивилизациясидаги ўрнини инкор этиб бўлмайди. Масалан, Ўрта аср­лар даврининг буюк мутафаккирлари Имом Бухорий, Ҳаким Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Баҳовуддин Нақшбандий, Муҳаммад ал Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, ҳамда Абу Райҳон Берунийнинг фан тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси дунё ҳамжамияти томонидан тан олинган.

Маълумки, Абу Райҳон Беруний 973 йили ушбу туман ҳудудида туғилган. Ёшлигидан астрономия, физика, математика, геодезия, геология, минерология, тарих фанларини чуқур ўрганган. Аллома 1035-1036 йилларда ўзининг илмий асарлари рўйхатини тузиб, унга 113 асарини киритган. Кейинги йилларда яна бир қанча асарлар яратган. Шундай қилиб, унинг илмий мероси 200 дан зиёд китоб­дан иборат бўлган. Афсуски, уларнинг аксарияти бизгача етиб келмаган.

Абу Райҳон Беруний ўз даврида дори-дармонларга таъриф ёзган инсон сифатида ҳам маълум. Минерология бўйича 50 хил металл, қаттиқ жисмлар ва маъданлар таркибини тавсифлаб, математик изланишлар олиб борган. Илмий атамаларни бир тилдан иккинчи тилга ўгириш назариясини ишлаб чиққан.

Беруний бобомиз дафн қилинган жой, яъни Афғонистоннинг ­азна шаҳридан 1997 йил 18 декабрда унинг тупроғи келтирилиб, ҳозирги Беруний тумани ҳудудида рамзий қабри ўрнатилди. Бугунги кунда туманда буюк олимнинг боғи ва ёдгорлик мажмуаси ташкил этилган. Бу ерга мамлакатимизнинг турли жойларидан, ҳатто хориждан одамлар келиб, унинг қабрини зиёрат қилишади. Бобомизнинг «Инсон камолга келишининг энг асосий омилларидан бири, бу билимли бўлиш, ёшлигидан меҳнатга ўрганиш ва тарбияли бўлишдир» деган ҳикматли гапи ҳозир ҳам аҳамиятини йўқотмаган.

Тадбирда шунингдек, «Беруний авлодлари» жамоат фонди раиси Қ.Шониёзов, Австралиянинг Сидней университети профессори А.Бетте, меҳнат фахрийси А.Тожиев, тумандаги 60-сонли мактаб ўқитувчиси М.Шукуруллаевалар сўзга чиқиб, Президентимиз раҳбарлигида элимизда миллий қадриятларимизни, улуғ боболаримиз номини қайта тиклаш, уларнинг хотирасини эъзозлаш, ватан ва халқ озодлиги йўлида жонини фидо қилган инсонлар руҳини шод қилиш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталишди. Туман марказида бўй тиклаган бу ҳайкал келажагимиз бўлган ёш авлодни она ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялашда алоҳида аҳамиятга эга.

Тадбир қатнашчилари буюк аллома ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.

Шу куни Ёшлар марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди. «Жамшид» масъулияти чекланган жамияти қурувчилари бунёд этган ушбу марказда ёшларнинг чуқур билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, спорт билан шуғулланиши учун барча қулайликлар яратилган. Икки қаватли замонавий бинода 200 ўринга мўлжалланган конференция зали, интернетга уланган информатика, чет тиллари хоналари бўлиб, шахмат-шашка, тикувчилик, рассомлик, ҳайкалтарошлик каби 20 га яқин тўгарак фаолият юритади.

Шу куни тумандаги Ёшлар марказида «Буюк қомусий олимнинг инновацион ғоялари ва жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси» мавзусида илмий-назарий конференция бўлиб ўтди.

Унда сўзга чиққанлар туман ҳудудидаги археологик ёдгорликларни сақлаш, уларни қайта тиклаш ҳамда фойдаланиш борасида олиб борилаётган ишлар, Абу Райҳон Берунийнинг инновацион ғоялари ва унинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида тўхталишди.

Тадбир доирасида ташкил этилган «Қовун сайли» ярмаркасида тумандаги фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган полиз маҳсулотлари, жумладан қовуннинг бир неча навлари қўйилди. Иштирокчилар бири-биридан ширин шоббоз қовунларидан татиб, деҳқонлар меҳнатини эътироф этишди.

Улуғ бобомиз таваллудининг 1045 йиллигига бағишланган тадбир республика ва туман санъат усталари концерти билан якунланди.

Д.АБИБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги мухбири.