Буюк шоир ижодига эҳтиром


Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибрайим Юсупов таваллудининг 90 йиллигига ­бағишланган “Шоирлик чўққиси” мавзусида анжуман бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган тадбир иштирокчилари дастлаб ёзувчи яшаган хонадонда бўлишди. Юбилей муносабати билан бугунги кунда Ибрайим Юсупов номи билан аталадиган кўчанинг 62-уйига қўйилган мемориал пешлавҳанинг тантанали очилишида иштирок этишди.

Тантанали анжуманда иштирокчиларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Д.Қурбаниязов Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ­шоири Ибрайим Юсуповнинг 90 йиллиги билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан табриклади.

Шундан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари М.Ҳожиматов, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Қорақалпоғистон халқ шоири ­К.Каримовлар сўзга чиқиб, бетакрор иқтидор эгаси халқимизнинг буюк шоири Ибрайим Юсупов ижоди ва унинг асарлари хусусида батафсил тўхталдилар.

Тадбирда филология фанлари доктори, профессор Қ.Жаримбетов “И.Юсупов ижоди ва бугунги қорақалпоқ шеърияти”, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ўқитувчиси Қ.Мамбетов “И.Юсупов ижодининг қорақалпоқ назм жанрини ривожлантиришдаги хизмати” мавзуларида маърузалар қилди.

Анжуманда меҳнат фахрийси Қ.Камалов, “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ш.Уснатдинов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ж.Избасқанов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Н.Ангсатбаев, Қорақалпоғистон халқ шоири У.Хўжаназаров сўзга чиқиб, Президентимиз раҳбарлигида маданият, адабиёт ва санъат соҳасига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидладилар. Жумладан, Нукус шаҳрида И.Юсупов номидаги давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг очилиши буюк шоир ижодига бўлган юксак эҳтиромнинг ёрқин кўринишидир.

Шоирнинг яқинлари номидан қизи Айжамол Юсупова тантанали анжуман ташкилотчилари ва иштирокчиларига миннатдорлик билдирди.

Тадбир шоир шеъри билан айтиладиган куй-қўшиқлардан иборат концерт дастури билан якунланди.