Чорвадорлар ҳузурига ташриф


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов Тахтакўпир тумани марказидан 50 километрдан ортиқ масофада жойлашган «Мулк» овул фуқаролар йиғинига қарашли «Бийдай кўл» ҳудудидаги чорвадорлар ҳолидан хабар олди.

Бугунги кунда Президентимиз раҳбарлигида барча соҳалар каби қишлоқ хўжалигининг етакчи тармоғи бўлган чорвачиликни ривожлантириш, унинг иқтисо­диётдаги улушини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирги вақтда деҳқон ва фермерларни, шу жумладан, чорвачилик хўжаликларини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга кредитлар ажратиш, маҳсулотларини экспортга чиқариш, зарур техникаларни сотиб олиш, солиқ тўловлари бўйича бир қатор имтиёзлар берилмоқда.

Айниқса, республикамизнинг Тахтакўпир, Қўнғирот ва Қонликўл туманларини чорвачилик туманларига айлантириш борасида олиб борилаётган ишларни алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринли.

Тахтакўпир азалдан чорвачиликка ихтисослашган туман бўлиб, бу ҳудуддаги чорвадорлар томонидан халқимизга гўшт, сут, жун ва ­бошқа шу каби юқори сифатли маҳсулотлар етказиб берилмоқда.

Бугунги кунда туманда 65 та фермер хўжалиги шу соҳада фаолият юритаётган бўлса, улар томонидан 429 мингга яқин чорва моллари яхши парваришланиб, боқилмоқда. Жорий йил туманда чорвачилик йўналиши бўйича 26 та лойиҳанинг амалга оширилиши, уларга 7 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши белгиланган. Буларга қўшимча равишда чорвачилик хўжаликларида 4 минг 483 бош чорва молларини боқиш режалаштирилган.

Тадбир давомида шу ҳудудда чорвачилик билан шуғулланиш учун янада қулай шароит яратиш мақсадида янгиланган сув тармоғининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тумандаги «Жанадарё» қоракўлчилик марказига мотоцикл, шунингдек, илғор чорвадорларга қимматбаҳо совғалар топширилди.

— Мана, бугун ҳудудимизда янгиланган сув тармоғи фойдаланишга топширилмоқда. Бу соҳа ривожи учун катта қадамдир. Бизнинг «Жанадарё» қоракўлчилик маркази ҳам шундай ғамхўрлик ва эътибордан руҳланган ҳолда, юртимиз иқтисодиётини ривожлантиришга бор куч ва имкониятимизни сафарбар қиламиз, соҳага янги инновацион ­лойиҳаларни татбиқ этиб, янги марраларни забт этишга ҳаракат қиламиз, — дейди «Жанадарё» қоракўлчилик маркази раҳбари Шарап Акаев.

Шунингдек, тадбир давомида полвонлар кураши, қўчқор уруштириш, отлар пойгаси каби миллий спорт мусобақалари ўтказилди. Йиғилган чорвадорлар спорт беллашувларини томоша қилиб, спортчиларни қўллаб-қувватлаб туришди.

Тадбир доирасида чорвадорлар учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ҳунармандчилик буюмлари, китоблар, шунингдек, чорва моллари учун (ветеринария) дори-дармон маҳсулотлари ярмаркаси ташкил қилинди.

Байрам муносабати билан санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худайбергенов иштирок этди.

Ислам Матеков,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.

Муаллиф олган сурат.