Доғистонлик ижодкор Қорақалпоғистон халқ шоирига мактуб йўллади


«Қадрли Гулистон, узоқ йиллардан кейин биз яна бир-биримизни топганимиздан хурсандман. Умид қиламанки, энди бир-биримизни асло йўқотмаймиз. Биз кўришмаган ўтган йиллар давомида мендаги ўзгаришларни билмоқчи бўлсанг, китобимни юбордим. Ҳаммаси унда мужассам. Сен эса ўз Республикангнинг халқ шоири бўлибсан. Бундан жуда хурсанд бўлдим. Табриклайман.

Ўз асарларингни юбор. Она тилим бўлмиш дарғин тилига таржима қилиб нашр этамиз. Энди мулоқот қилишимиз осон, 19-20 асрлардагидек эмас. Мен  сени  топишимга сабабчи бўлган Мирзодан миннатдорман».

Бу мактуб Доғистон Республикаси халқ шоираси, Россия  ёзувчилар ва журналистлар уюшмаси аъзоси, қатор халқаро мукофотлар соҳибаси   Аминат Абдулманапованинг Қорақалпоғистон Халқ шоираси Гулистон Матёқубовага  ёзган мактубидандир.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Минҳожиддин Мирзо Доғистонга “Белые журавли” (“Оқ турналар”) байрам тадбирига борганида Аминат Абдулманапова унинг ўзбекистонлик эканини билиб, қаламкаш дўсти Гулистон Матёқубова ҳақида сўраган ва ушбу мактубни ҳамда китобларини ундан  бериб юборган.

Хорижлик шоиранинг “энди мулоқот қилишимиз осон” деганида жон бор. Авваламбор, ахборот технологиялари ривожланиб бормоқда. Энг муҳими эса Ўзбекистон дунёга ўз эшикларини кенг очиб, нафақат иқтисодий-сиёсий, балки адабиёт, маданият, санъат соҳаларида ҳам мулоқот ва ҳамкорликлар тобора ривожланиб бормоқда. Бу узоқ йиллар алоқалари узилиб кетган мана шундай қаламкаш дўстларнинг бир-бирини қайта топишлари, ижодий ҳамкорликларини давом эттиришлари, асарларини у тилдан бу тилга таржима қилишлари, китобларини нашр эттиришлари учун катта имконият яратмоқда.

Энди Гулистон Матёқубованинг мухлислари унинг шеърларини дарғин тилида ҳам ўқишса ажаб эмас.

Ўз мухбиримиздан.