Дунё жамоатчилигини бир мақсад йўлида бирлаштирган фонд


2018 йил, 27 ноябрь. Бу сана республикамиз тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилиши сўзсиз. Чунки, шу куни Оролбўйи аҳолисига ёрдам берувчи БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди ўз фаолиятини бошлади.

Шу муносабат билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йорк шаҳридаги қароргоҳида бўлиб ўтган олий даражадаги тадбирни дунё кенг жамоатчилиги, жумладан республикамиз аҳолиси алоҳида мамнуният билан қарши олди.

Мажлисда сўзга чиққан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу Траст фондини ташкил этиш ташаббусини юксак баҳолаб, халқаро жамоатчиликни ушбу фондни молиялаштиришда фаол қатнашишга чақирди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси делегацияси раҳбари, Бош вазир ўринбосари С.Холмуродов маъруза қилиб, Оролбўйи аҳолисининг яшаш шароитларини яхшилаш бўйича мамлакатимиз томонидан амалга оширилаётган тадбирлар тўғрисида тўлиқ маълумот берди.

Делегация таркибида иштирок этган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ­Раиси М.Ерниязов ўз маърузасида Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида Оролбўйи минтақасидаги экологик аҳволни яхшилаш, инсон ҳаётига хавфли бўлган таъсирларни юмшатиш бўйича давлатимиз томонидан амалга оширилаётган коплекс чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди. Шунингдек, бугунги кунда нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунё жамоатчилигининг муаммосига айланиб улгурган Орол муаммоси, денгизнинг бугунги аҳволи, Оролбўйи аҳолисининг турмуш тарзи, бу ердаги экологик аҳволни яхшилаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган тадбирлар тўғрисида айтиб ўтди.

Тадбир давомида Орол денгизининг кечаги ва бугунги аҳволидан ҳикоя қилувчи видеотақдимот йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.

Анжуманда Япония, Норвегия, Нигерия, Қозоғистон, Алжир, шунингдек бир қатор нодавлат ташкилотлар вакиллари ушбу фонд ишини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдиришди. Мажлис доирасида Ўзбекистон ҳукуматининг фондига йилига 2 миллион АҚШ доллари ажратилиши таъкидланди. Норвегия делегацияси аъзолари ҳам ўз нутқида давлат ҳукумати томонидан фондга 1,2 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш бўйича қарори тўғрисида маълум қилди.

Мажлис якуни бўйича матбуот конференцияси ташкил этилди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда бу тадбир ўз аҳамиятига кўра нафақат фонд фаолиятида, балки Марказий Осиё минтақасида экология ва сувдан фойдаланиш борасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда янги босқични бошлаб бериши, илгари сурилган таклифлар ва ташаббуслар минтақа халқларининг фаровонлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.