ЕТУК ЖУРНАЛИСТ КАДРЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ АСОСИЙ МАҚСАДИМИЗ — дейди Бердақ номидаги ҚДУ журналистика кафедраси мудири З.Оразимбетова


Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети журналистика кафедраси Ўзбекистон Республикасидаги журналист кадрларни тайёрлайдиган асосий олий ўқув юртларининг бири ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу кафедрада 150 га яқин талабалар сиртқи ва кундузги бўлимларда таълим олмоқда. Журналистика кафедрасида 12 нафар профессор ўқитувчилар фаолият юритиб, ҳозирда 9 нафари илмий даражага эга ва 3 нафари асиссент ўқитувчилардир. Жорий йилда кафедра ўқитувчиси Ж.Марзияев филология бўйича философия доктори илмий даражасини ҳимоя қилди. Бундан ташқари, кафедрада бир қанча истиқболли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, шу йил 28 май куни илк бор халқаро илмий-амалий Конференция ўтказилди. “Глобаллашув жараёнида оммавий ахборот воситаларининг роли” мавзусида ўтказилган ушбу конференцияга дунёнинг бир нечта давлатларидаги олий ўқув юртларидан тажрибали мутахассислар ташриф буюриб, таълим сифатини яхшилаш, жамиятга юксак салоҳиятли кадрларни тайёрлаш бўйича мақсадли вазифалар белгилаб олинди. Хўш, бугун “тўртинчи ҳокимият” дея эътироф этилаётган журналистика соҳасига етук кадрларни тайёрлаш борасида кафедра томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда? Журналистика таълим йўналишида таҳсил олаётган талабалар бугунги кун талабига жавоб берадими? Ушбу шарафли ва айни дамда масъулиятли касбнинг ўзига хос қирралари нималардан иборат?

Биз бугунги мақоламизда мазкур саволларга жавоб олиш мақсадида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети журналистика кафедраси мудири Злиха Оразимбетова билан суҳбатлашдик.

— Злиха Қдирбаевна, келинг суҳбатимизни Журналис­тика кафедрасининг янги ўқув йилидаги режалари билан бошласак.

— Келгуси яъни, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб таълим тизимида янгиликлар жорий этилиши белгиланган. Жумладан, ҳозирда журналистика мутахассислигида магистратура таълим йўналишига “фаолият турлари” бўйича қабул қилаётган бўлсак, келгуси ўқув йилидан бошлаб яна бир мутахассислик, яъни “радио-телеведение” йўналиши бўйича ҳам магистрларни қабул қилиш режалаштирилмоқда. Жумладан, 3 та грант ва 2 та тўлов-шартнома асосида, шунингдек, бакалавр таълим йўналишига 50 нафар талаба қабул қилинади.

— Маълумки, журналист кадрларнинг замон билан ҳамнафас, дунёқараши кенг, салоҳияти юқори бўлишини даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Бунда албатта, талабанинг олийгоҳда олган билими, муҳим аҳамият касб этади. Айтингчи, талаба ёшлар ўз соҳаси бўйича бошқа олий ўқув юртларида таълим олаётган тенгдошлари билан тажриба алмашишлари мумкинми?

— Дарҳақиқат, бугунги кунда журналистлар олдига жуда катта талаблар қўйилмоқда. Улар ҳар томонлама пухта билимга эга бўлишлари шарт. Шунингдек, ривожланган давлатларнинг тажрибасини ўрганиши ва амалиётда қўллай билиши лозим. Кафедрамиз ҳозирда бир қанча чет эл олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни  йўлга қўймоқда. Мана шундай шартномалардан бири яқинда Қирғизистоннинг Ўш Давлат университети билан тузилди. Келажакда ушбу университетнинг журналистика факультети билан академик мобилликни амалга оширмоқчимиз. Бунда, бизнинг талабаларимиз Ўш давлат университетига бориб, Ўш давлат университети талаба ёшлари эса бизга- Қорақалпоқ давлат университети журналистика таълим йўналишига келиб ўқиб, тажриба алмашиш имкониятига эга бўлишади. Яна мана шундай шартномалардан бири келаси йилда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялари университети билан ҳам тузилиши режалаштирилмоқда.

— Айтингчи, журналистика мутахассислигини тамомлаган кадрлар ўз соҳасидан таш­қари яна қаерларда ишлаш имкониятига эга?

— Журналистика мутахассислигини тамомлаган талабаларга фақатгина журналист деган диплом берилади. Шундай экан, улар фақатгина оммавий ахборот воситаларида ишлаш ҳуқуқига эга. Лекин қандайдир ҳаётий сабабларга кўра ўз соҳасида ишлаш имконияти бўлмаса иккинчи мутахассисликда ўқиши ёки педагог бўлишни хоҳласа педагогика соҳасига йўналтирилган махсус малака ошириш марказларида ўқишлари мумкин.

— Журналистиканинг бакалавр таълим йўналишини  тугатган талабаларнинг бандлигини таъминлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш бўйича кўпгина ишлар амалга ошириляпти. Айрим талабаларимиз ўзларининг танлаган соҳасига бўлган қизиқиши, тиришқоқлиги ҳамда ишлаб чиқариш амалиёти давомида ­фаоллик кўрсатиб телевидение, радио ёки газета-журналларнинг ўзида бандлигини таъминлашга муваффақ бўлмоқдалар. Менимча, талабанинг бандлиги масаласи бевосита ўша талабанинг ўзига боғлиқ деб ўйлайман. Негаки, ўз устида кўп ишлайдиган, ёза олиш қобилиятига эга, ўз касбига масъулиятли кадр ҳеч қачон назардан четда қолмайди. Ва бундай етук журналист барча ОАВ ларга зарур.

— Биламизки, ҳозирда журналистикага бўлган эътибор ўтган даврларга нисбатан анча кучайган. Хўш, сизнингча бугунги кун журналистикасига қўйилаётган талаблар қандай?

— Бизнинг мамлакатимизда журналистикага бўлган эътибор бошқа давлатларга қараганда анча юқори. Бу айниқса кейинги йилларда ўз тасдиғини топмоқда. Айниқса, Президентимиз томонидан соҳага алоқадор бир қанча фармон ва қарорларнинг қабул қилиниши сўзимнинг исботидир. Эътибор берсангиз, давлатимиз раҳбари ўзининг қатор, чиқишларида журналистикага алоҳида урғу бериб гапирганлар. Бугун журналистиканинг ривожланиши учун барча имкониятлар етарли. Шундай экан, журналистиканинг олдига қўйиладиган энг асосий талаблардан бири бу- журналистнинг ўз устида ишлаши. Тинимсиз меҳнат қилиши, оперативлик ва ўз соҳасида йўналишини белгилаб олишидир. Қолаверса, бугунги куннинг талабларидан яна бири тил ўрганиш, шу билан биргаликда ахборот техналогияларини яхши билиш ҳисобланади.

— Интернет журналистикаси ҳам фаолият тури сифатида қабул қилинди. Нима деб ўйлайсиз, энди матбуотнинг келажаги қандай бўлади?

— Менинг назаримда бу ҳеч қандай муаммони келтириб чиқармайди. Негаки, газета-журналларнинг ўрнини радио ҳам, телевидиние ҳам, интернет ҳам ҳеч бири босолмайди. Чунки, барча оммавий ахборот воситалари ўз ўрнига эга. Булар бир-бирини ҳеч қачон инкор этмайди. Газета бу халқнинг тарихи. Халқнинг хаёти, турмуш тарзи, солномаси сифатида қола олади.

— Мана ҳозир газета мавзуси кўтарилди. Менинг ўзим ҳам журналистика соҳаси бўйича ўқийман. Биласизми, бизга устозларимиз мақола ёзишда, ёзилган материалга мавзу танлашда эскича услубларни қўлламанг, ҳар битта журналистик материалга янгича услуб билан ёндашинг дейишади. Лекин бу янгича ёндашувни дастурий қолипдан чиқолмаётган айрим газета-журналларимиз негадир қабул қилишмайди…

— Бу ҳолат ўша жойдаги журналистларнинг тажрибасига боғлиқ деб ўйлайман. Боя журналистикага қандай талаблар қўйилади, деганда бир фикрни айтишни унутибман. Журналист янги замонга янгича нигоҳ билан қараши керак! Лекин  афсуски, мана шу нарса бизда етишмаяпти. Интернет материалига  қўйиладиган мавзуларни газетага қўя олмаймиз, сабаби интернет материали газетанинг услубига мос келмайди, деган фикр нотўғри.

Назаримда бугун газета ва журналлар обунасининг пасайиб кетишига ҳам  мана шундай бир хил йўналишда қотиб қолишлик сабаб бўлмоқда. Шундай экан, авваламбор газеталардаги мавзулар ранг-баранглигига эътибор қаратиш, эскича услубни янгилашимиз зарур. Бунинг учун эса журналистларимиз чет эл матбуот нашрларини кузатиб бориши, танишиб бориши аввало тил билиши керак бўлади.

— Мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат. Куни кеча юртимизда Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни кенг нишонланди. Шу муносабати билан касбдошларингизга айтар сўзингиз.

— Касбдошларимизни ҳамда барча оммавий ахборот воситалари ходимларини касб байрамлари билан чин юракдан табриклайман. Уларнинг машаққатли ва шарафли касбларида каттадан-катта муваффақиятлар тилаб қоламан.

Азиза Мадраҳимова,

Бердақ номидаги ҚДУ журналистика бўлими

талабаси.