ФЕРМЕРЛАРГА ИШОНЧЛИ ВА САМАРАДОР ТЕХНИКАЛАР


Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида «Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамияти томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги техникалари ярмаркаси ўтказилди.

Тадбирда «Қорақалпоғис­тон агросервис МТП» акциядорлик жамияти,  «Ўзагролизинг» акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон Республикаси филиали, туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари раҳбарлари, фермерлар иштирок этди.

Таъкидланганидек,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил май ойидаги «Қишлоқ хўжалигини ўз вақтида қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлаш  механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилган ярмаркада Тошкент қишлоқ хўжалиги техникалари заводи, Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникалари заводи, «Агрегат» заводи, «Агротехмаш-ДД», «Амкодор»-Агротехмаш», «Технолог», «UzCastMash», «UzCLAASAgro», «Чирчиқагромаш», «Урганчкорммаш» акционерлик жамиятлари, «LEMKEN Chirchiq», «AGRIXIM» масъулияти чекланган жамиятларида ишлаб чиқарилган 100 тадан зиёд замонавий техниканинг афзалликлари, уларни харид қилиш нархлари, шу билан бирга лизинг асосида олиш йўллари бўйича тушунчалар берилди.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда фермер хўжаликларини ишонч­ли ва самарадор қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. «Қорақалпоғистон агросервис МТП» акциядорлик жамияти раҳбари Парахат Ҳакимовнинг таъкидлашича, жорий йилнинг ўзида умумий  қиймати 71  миллиард 498  миллион сўмлик 332 дона турли русумдаги техникалар имтиёзли кредитлар асосида харид қилинди. Натижада фермер хўжаликларига ўтган ойлар мобайнида  5 миллиард  850 миллион  сўмлик механизация хизмати кўрсатилди.

— Мазкур кўргазмага маҳаллийлаштириш дастури асосида ишлаб чиқарилган айланма омоч, 6 тонналик тиркама,  сомон зичлагич, Россия билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган буғдой экиш мосламаси каби 20 га яқин техникамиз намойиш этилмоқда, — дейди «Урганчкорммаш» акциядорлик жамияти раҳбари Журъатбек Отажонов. — Заводимизда ишлаб чиқарилаётган техникалар бугунги кунда мамлакатимизнинг барча вилоятлари, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси фермерлари томонидан кенг қўлланилмоқда.

Ўтган йил апрель ойида корхонамиз қошида Беларус Республикасининг «Бобруйскагромаш» жамияти билан ҳамкорликда «Ўзбекагромаш» МЧЖ шаклидаги қўшма корхона ташкил этилди. Бу ерда 20 га яқин техника ишлаб чиқариш режалаштирилган. Мақсадимиз, фермер хўжаликларини бизнинг шароитимизга мос арзон ва сифатли техникалар билан таъминлашдир.

Кўргазмада намойиш этилган техникалар фермерларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Бир қатор фермерлар шу ернинг ўзида лизинг асосида техникалар олиш бўйича тегишли ташкилотларга буюртмалар берди.

— Бундай тадбирларнинг ўтказилиши бизнинг оғиримизни енгиллаштириб, замонавий техникаларни танлаш имконини беради, — дейди Қўнғирот туманидаги «Тўртқора саксан» фермер хўжалиги раҳбари Марат Ариқбоев. — Бу ердаги техникалар орасида «New HoIIand TD5. 110» универсал-ҳайдов трактори бизга маъқул келди. Шунинг учун уни лизинг асосида олиш бўйича «Ўзагролизинг» акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон Республикаси филиалига буюртма бердик.

Элликқалъа туманидаги «Тупроққалъа алп йигити», Амударё туманидаги «Нуруамматов Хубойберган», «Хушнудбек Асадбек», Қўнғирот туманидаги «Қунарбой», «Қўнғиротли Мухаммед», «Астри», «Улкан шарли»,  «Беҳруз», Хўжайли туманидаги «Есжанов Жанибек», Беруний туманидаги «Элдар Юлдошбой» фермер хўжаликлари томонидан ҳам янги техникаларга буюртмалар берилди.

Д.АБИБУЛЛАЕВ.