Фидойи ёшларга махсус кийимлар


Яқинда Нукус шаҳрида “Фидойи ёшлар” патруль гуруҳи аъзоларига махсус кийимлар топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси С.Турманов, Нукус шаҳар ҳокими П.Турешов, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири А.Темирханов, Миллий гвардия ҳарбий бўлим командири М.Юсупов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси А.Данияров  сўзга чиқиб, ёшлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, “Хавфсиз шаҳар” концепцияси асосида жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталдилар.

Таъкидланганидек, бугунги кунда патруль гуруҳларида ҳарбий хизматни ўтаб қайтган, ҳарбий хизматга тайёрланаётган, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига ишга кириш учун ҳужжат топшириб қўйган, шунингдек, фуқаролар йиғинларидаги уюшмаган олти юзга яқин ёшлар қабул қилинган.

Тадбир сўнггида Нукус шаҳар “Фидойи ёшлар” патруль гуруҳи аъзоларига махсус кийимлар, ёшлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олишдаги фаолликлари учун бир гуруҳ ёшларга, Ички ишлар, Миллий гвардия ходимларига “Фахрий ёрлиқ”лар топширилди.