«Ғариб ошиқ» яна саҳнада


Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида 28 йиллик танаффусдан кейин А.Бегимов ва Т.Алланазаровинг «­ариб ошиқ» мусиқали драмаси премьераси ўтказилди.

Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби Б.Баймурзаев томонидан қайта саҳналаштирилган мазкур спектакль илк бор 1955 йилда таниқли актёрлар Юлдаш Мамутов ва Тўхта Рахмановалар иштирокида намойиш қилинган эди. Ушбу дурдона асарни 1957 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган Қорақалпоғистон маданияти ва адабиёти кунларида томошабинлар илиқ кутиб олган.

Спектаклнинг янгича талқинида Б.Разимбетов, И.Комекбаева, Ўзбекистон халқ артистлари Б.Назаримбетов, М.Сапаева, Қорақалпоғистон халқ артисти С.Даулетова, М.Усенов, А.Аманиязов ўзларига топширилган ролларни қойилмақом ижро этишган.

— Айтиш жоизки, ушбу асар Президентимизнинг 2017 йил 3 августда юртимиз ижодкорлари билан ўтказган учрашувда театрларда тарихий асарларни намойиш этиш юзасидан берган топшириқлари асосида саҳналаштирилди, — дейди режиссёр Б.Баймурзаев. — Зеро, бундай асарларнинг қадри йиллар ўтгани сари ошиб бораверади.