Ҳамиша эътиборда


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан пойтахтимизда истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига байрам совғаларини топширди.

Республикамиз раҳбари дастлаб “Халқлар дўстлиги” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи, уруш ва меҳнат фахрийси Нурилла Абдуллаевнинг хонадонида бўлиб, 9 май — Хотира ва қадрлаш куни, шунингдек, ­Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 74 йиллиги билан қизғин табриклади. Шу муносабат билан Президентимизнинг байрам табригини, Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан 7  500  000 (етти миллион беш юз минг) сўм миқдорида пул мукофотини тантанали равишда топширди. Шунингдек, Нукус шаҳар ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, жамоат ташкилотлари номидан совғалар топширилди.

Шунингдек санъаткорлар томонидан уруш йилларидаги куй ва қўшиқлар ижро этилди.

— Бугун уруш йилларидаги куй-қўшиқларга рақсга тушиб, бир яшариб қолдим, — дейди фахрий отамиз ­Нурилла Абдуллаев. — Юртимизда биз уруш ва меҳнат фахрийлари ҳамиша эътибордамиз. Бунинг учун ­Президентимизга чексиз миннатдорлик билдираман.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ­Раиси ­М.Ерниязов шу куни Нукус шаҳри “Шиғис” ­маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи, уруш қатнашчиси Назарбай ота Тажибоевнинг ҳам хонадонида бўлиб, унга Президентимизнинг байрам табригини, Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан 7 500  000 (етти миллион беш юз минг) сўм миқдорида пул мукофотини ҳамда қимматбаҳо совғалар топширди.

Д.Абибуллаев,

ҚХА шарҳловчиси.