Ҳарбий хизматчиларга янги уйлар топширилди


Жорий йилнинг 25 март куни Нукус шаҳридаги “Дарбент” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳарбий хизматчиларга янги уйларнинг калитларини топширишга бағишланган тантанали тадбир

бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Ҳамраев, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўшинлари қўмондони полковник Д.Чориев сўзга чиқиб, иштирокчиларни Наврўз байрами ва янги уйларнинг фойдаланишга топширилиши билан табриклади.

Таъкидланганидек,   Ўзбекистон Республикаси ­Президенти, Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони ­Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Қуролли Кучлар соҳасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали хизмат қилиши учун барча шароитлар яратиб берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш вазифаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларига турар-жой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари ва якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш тўғрисида”ги низомига асосан ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида замонавий кўринишдаги уй-жойлар топширилмоқда.

Беш қаватли 30 хонадонга мўлжалланган уйларнинг қурилиши ўтган йилнинг май ойида бошланиб, “Қизкеткен арнаўлы қурылыс” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан сифатли қуриб битказилди.  Алоҳида таъкидлаш жоизки, янги уйларнинг 25 фоиз бошланғич тўлами Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан тўлаб берилган бўлса, қолган қисми узоқ муддатли имтиёзли кредит ҳисобидан қопланади.

— Бундай ғамхўрлиги учун Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони ­Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдираман, — дейди сержант Нурбек Ражабов. — Бу бизларни чегараларимиз дахлсизлиги, халқимиз тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлида ­фидокорона хизмат қилишга руҳлантиради.

Тадбир иштирокчилари янги уйларда яратилган шароитлар билан танишди.

Д.Абибуллаев,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги мухбири.