Ҳашарчилар меҳнати муносиб баҳоланди


Президентимизнинг ташаббуси билан мана уч ойга яқин вақтдан буён Орол денгизининг қуриган ҳудудида саксовул экиш ишлари олиб борилмоқда. Бу эзгу ишда фақатгина республикамиздан эмас, мамлакатимизнинг барча вилоятларидан ҳашарчилар иштирок этиб, бугунги кунга қадар 400 минг гектардан ортиқ майдонга саксовул экилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ­Раиси Қ.Сариев “Орол ҳудудини обод қилайлик” лойиҳаси доирасида фаол иштирок этган соҳа ходимларига, ишчи ва механизаторларга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан ташаккурнома ва пул мукофотларини топширди.

Ҳақиқатан ҳам, қишнинг аёзли кунларига қарамасдан, денгизнинг қуриган тубида эътирофга лойиқ ишлар бажарилди. Бу савобли тадбирда қатнашган, мингдан ортиқ ҳашарчилар ­халқимизга хос бирдамлик ва тотувликнинг ҳақиқий намунасини кўрсатишди.

Тадбирда ишчиларга дастурхон ёзилиб, санъаткорлар томонидан куй-қўшиқлар куйланди. “Яхши хабарнинг қаноти бор” — дейди доно халқимиз. Шу куни Орол тубидан 230 метр чуқурликдан иккинчи булоқнинг кўзи очилди.