Ҳоким ўринбосарларига сертификатлар топширилди


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг Урганч ҳудудий филиалида касбий малакасини ошириб қайтган шаҳар ва туман ҳокимлари ўринбосарларига сертификатлар топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Академиянинг Урганч ҳудудий филиали директори Ф.Абдуллаев тингловчиларни курсни муваффақиятли тамомлагани билан самимий табриклади ва бугунги кунда олиб борилаётган ишлар, раҳбар ходимлар билимини оширишнинг аҳамияти ва келгусидаги вазифаларга тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг 2018 йил 6 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг ҳудудий филиалларини ташкил этиш тўғрисида” ги қарорига мувофиқ, академиянинг Урганч ҳудудий филиали ташкил этилди. Бу ерда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида турли раҳбар лавозимларда фаолият юритиб келаётган ходимлар ўзларининг касбий малакаларини ошириб келмоқда.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмалари, шунингдек, нодавлат-нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг буюртмалари асосида танлаб олинган бошқарув кадрлари ва масъул ходимлар бир ҳафталик қисқа муддатли дастурлар бўйича малака оширадилар. Курслар 72 соатдан иборат бўлиб, ўқув жараёнлари вебинар, суҳбат, тренинг машғулотларидан иборат. Шунингдек, бу ерда тинг­ловчиларга мустақил таълим олишлари учун топшириқлар бериб борилади ва уларни бажариш якунида тақдимот, муайян кейс ечим, чора-тадбирлар режаси ва “йўл харитаси” лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Жорий йилнинг шу кунига қадар 494 нафар ходим, шундан январь-февраль ойларида Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туман ҳокимларининг 95 нафар ўринбосарлари ўз касбий малакаларини ошириб қайтдилар. Улар учун “Инновацион бошқарув” ва “Бошқарув маҳорати” курслари бўйича давлат ва жамият бошқаруви соҳасига, раҳбарлик фаолиятига оид бўлган мавзуларда назарий ҳамда амалий семинарлар ўтказилди.

— Курс давомида олган назарий билим ва кўникмалар ҳар бир раҳбарда янгича ёндашув ва фикрлаш қобилиятини шакллантириш, шунингдек, жамоани ҳалол бошқариш ва тўғри қарор қабул қилишда алоҳида аҳамият касб этади, — дейди Чимбой тумани ҳокимининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Убайхан Қалилаев. — Бу ердаги интерактив методлар ва янги усулларда ўтилган ­дарслар барчада катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир сўнгида курсни муваффақиятли тамомлаган республикамизнинг шаҳар ва туман ҳокимлари ўринбосарларига белгиланган намунадаги сертификатлар тантанали равишда топширилди.

Д.Абибуллаев.