ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИГИМИЗНИНГ АСОСИ


Яқиндагина бутун мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 йиллиги кенг нишонланди. Дарҳақиқат, бош Қомусимиз шарофати билан ижтимоий онгимизга, ҳуқуқий тафаккуримизга замонавий янги демократик қадриятлар, тамойиллар ва ғоялар кириб келди, «суверен давлатчилик», «инсон ҳуқуқлари устуворлиги», «фуқаролик жамияти», «қонун устуворлиги», «хусусий мулк дахлсизлиги», «ҳар кимнинг мулкдор бўлиш ҳуқуқи», «давлат ҳокимияти тақсимланиши», «сиёсий плюрализм» шулар жумласидан ҳисобланади.

Ўз навбатида Муҳтарам Президентимиз бу борада — Конституция ва қонун устуворлиги ҳамда қонунийлик тамойилларининг сўзсиз таъминланиши инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолатидир. Шу нуқтаи назардан, ­Конституция ҳамда қонун талабларига оғишмай амал қилиш маънавий савиямиз, маданиятимизнинг асосий мезонига айланиши шарт — деб таъкидлаган эдилар.

Дарҳақиқат, бугунги кунда юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, ­барқарорлик ва халқимиз томонидан қўлга киритилаётган катта ютуқлар Конституциямиз негизида қабул қилинган қонун ҳужжатларига  қатъий амал қилинишининг натижаси, деб бемалол айтишимиз мумкин.

Хусусан, ўтган давр ичида Конс­титуция мустақил мамлакатимизнинг янги сиёсий ва давлат тузилиши, тараққий этиши, дунё ҳамжамиятида ўз мавқесига эга бўлишида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Юртимиз фуқароларининг ўз эркинликлари, бор истеъдод ва имкониятларини юзага чиқариш учун яратилаётган қулайлик ҳамда шароитлар фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган мақсадлар билан уйғун ҳолда кечмоқда.

Буни 2018 йилнинг Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» деб номланганидан ҳам кўришимиз мумкин.

Шундан келиб чиққан ҳолда «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши лозим» деган принцип давлат сиёсатининг энг асосий  йўналишларидан бирига айланди.

Мазкур принципнинг амалдаги кўриниши сифатида жойларда аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтириш, уларнинг таклиф ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди.

Биргина Қорақалпоғистон Республикаси мисолида олиб қарайдиган бўлсак, жорий йилда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида жойларда 234 миллиард сўмлик қурилиш ва реконс­трукция ишлари олиб борилмоқда. Мазкур дастурлар сабабли мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларигача янгиланиш нафаси, бунёдкорлик руҳи кириб бормоқда. Буни пойтахтимиздан 450 километр узоқликда жойлашган Қўнғирот тумани «Қорақалпоғистон» посёлкасида олиб борилган ишлар мисолидан ҳам кўришимиз мумкин.

Бундан ташқари, йил бошидан буён ижтимоий ёрдамга муҳтож ва имконияти чекланган инсонлар учун шаҳар ва туманларда 100дан ортиқ турар жойлар бепул берилган бўлса, кам таъминланган 74 та оилага намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уйларнинг дастлабки тўлови учун 700 млн. сўмдан ортиқ маблағлар тўлаб берилди.

Шунингдек, Нукус шаҳри Абдамбетов кўчасидаги 5 қаватли  10 та арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилиб, уларнинг иккитасининг биринчи қаватида мактабгача таълим муассасаси ва оилавий поликлиника ташкил этилгани аҳоли учун яратилган яна бир қулайлик ҳисобланади. Айни кунда эса шаҳарнинг шу қисмида «Нукус-сити» қурилиши лойиҳасининг таклифи ишлаб чиқилмоқда.

Иқтисодий кўрсаткичлар ҳақида айтадиган бўлсак, Президентимизнинг махсус қарори асосида ҳудудда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини яратиш ва саноат салоҳиятини ошириш мақсадида Чимбой, Қўнғирот, Тахиатош, Хўжайли, Амударё, Беруний туманларида саноат зоналари ташкил этилиб, янгидан корхоналар ишга туширилмоқда.

Ўз келажагини қайғурган жамият ҳар доим келажаги бўлган ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қаратиб келган. Ҳолбуки, фарзанд­ларимиз бизларнинг эртанги келажагимиз, юртимиз истиқболини белгилаб берувчи асосий куч ҳисобланади.

Шу боисдан ҳам жорий йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Президентимиз Қорақалпоғистон Республикасига қилган ташрифи давомида -Мамлакатимизни янги тараққиёт босқичига кўтаришни ўз олдимизга устувор вазифа қилиб қўйган эканмиз, буни амалга ошириш учун бизга, энг аввало янги авлод кадрлари керак — дея таъкидлаган эди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг қарийб                  35 фоизини 16 ёшгача бўлганлар, 62 фоиздан ортиғини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этишини ҳисобга оладиган бўлсак, соҳага бўлган эътиборнинг нақадар зарурлиги ўз-ўзидан аён бўлади.

Шундан келиб чиқиб, давлатимиз томонидан қандай дастур ва режалар қабул қилинмасин уларнинг ҳар бирида келажагимиз бўлган ёшларнинг манфаатлари алоҳида ҳисобга олинган. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш мақсадида «Ёшлар келажагимиз» Давлат дастури қабул қилиниб, Республика бўйича унинг ижроси учун 786 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Бунинг натижасида йил давомида 100 минг­дан ортиқ ёшларимизнинг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Мазкур ишлар билан бир қаторда, ёшларимизнинг баркамол ва етук бўлиб вояга етишишлари учун мамлакатимизда олий ўқув юртлари ва уларнинг филиаллари ташкил этилиши, қабул квоталарининг оширилгани, кўпгина йўналишлар бўйича сиртқи бўлимлар очилганини қайд этиб ўтиш лозим.

Жумладан, яқинда ҳукуматимиз қарори билан Нукусда Ўзбекистон давлат жисмоний ­тарбия ва спорт университети, ­Навоий давлат кончилик институти ҳамда Самар­қанд ветеринария медицинаси ­институтининг Нукус филилалари ташкил этилиб, келгуси ўқув йилидан ўз фаолиятларини бошлайди.

Юртимиздаги ана шундай таълим-тарбия масканларида ёшларимизнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши учун қатор қулайликлар яратилган бўлиб, унда шижоатли ёш авлодларимиз ­улғайиб етишаётгани барчамизни қувонтиради.

Ўтган йиллар давомида биз қандай марраларни забт этган бўлсак, бу Конституциямиз ва унинг асосида қабул қилинган қонунларга сўзсиз амал қилинишининг натижасидир.

Орадан қанча йиллар ўтмасин халқимизнинг сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямиз янги-янги авлодлар учун ҳаёт қомуси, долзарб муаммоларни ҳал этиш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.

Хидир Каримов,

Қорақалпоғистон Республикаси прокурори