Ички ишлар вазирлиги аҳоли муаммоларини ҳал этмоқда


Қораўзак туманида Қорақалпо­ғистон Республикаси Ички ишлар вазири А.Темирханов томонидан сайёр қабул бўлиб ўтди.

Қораўзак туманидаги “Сабир Камалов” овул фуқаролар йиғинида жойлашган 5-сонли умумтаълим мактабида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Қораўзак туман ҳокимлиги, туман тиббиёт бирлашмаси ва бошқа корхона, ташкилотлар ҳамкорлигида  ўтказилган сайёр қабулда 12 нафар фуқаро мурожаат этди. Улардан  4 нафар фуқаронинг муаммоси ўз жойида ижобий ҳал этилди. 2 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди ва 6 нафар фуқаронинг мурожаатини  ўрганиб чиқиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг мутасадди раҳбар ходимларига топшириқлар берилди.

— Сайёр қабулда менинг кўпдан буён ҳал этилмай келаётган мурожаатим ижобий ҳал этилди, — дейди “Маданият” овул фуқаролар йиғинидан М.Тилепов. — Чорва молларини олиш учун банкдан 2 миллион 200 минг сўмлик 1 фоизли имтиёзли кредит бериладиган бўлди.

— Истиқомат қилаётган хонадонимиз яшаш учун яроқсиз аҳволга келиб қолди. Янгидан уй қуриш учун ер майдони олиш қийинчилик туғдираётган эди, — дейди “Сабир Камалов” овул фуқаролар йиғинида яшовчи Д.Қидирниязова. — Бугунги сайёр қабулда ушбу муаммо ўзининг ижобий ечимини топди. Шунингдек, Қорақалпо­ғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан мазкур уй қурилишида ёрдам ҳам бериладиган бўлди. Сайёр қабул ташкилотчиларига ўз миннатдорлигимни билдираман.

Қорақалпоғистон хабар агентлиги.