Ижтимоий соҳани ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди


Жорий йил 11 март куни ­Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг  «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурида белгиланган, ижтимоий соҳани ривожлантириш борасидаги вазифаларнинг ижросига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Видеоселектор тарзида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, тегишли вазирлик ва ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок қилди.

Семинарни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов бошқариб борди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев сўзга чиқиб, Давлат дастури асосида Қорақалпоғистон Республикасида ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга тўхтаб ўтди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда ­Президентимиз раҳбарлигида юртимиз иқтисодиётида, барча соҳаларда туб ислоҳотлар, янгиланишлар юз бермоқда.  Президентимиз томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар ижтимоий-иқтисодий тараққиётимизда, халқимизнинг бахтли ҳамда фаровон турмушида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўтган йилнинг ўзида 163 миллиард сўмлик маблағ ҳисобидан 22 та умумтаълим мактаби, 51 та мактабгача таълим ­муассасаси, 22 та соғлиқни сақлаш ва 5 та болалар спорти объектларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилиб, фойдаланишга топширилгани фикримизнинг ёрқин мисолидир.

Бундан ташқари, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари асосида 81 та ижтимоий объектда 45,7 миллиард сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ўтган йилнинг 15-16 ­ноябрь кунлари республикамизга ташрифи давомида шаҳар ва туманларимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликка кенг йўл очиш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш, халқимизга қулай шароитларни яратиш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берган эди. Бу борада жорий йилда 54 та ижтимоий объектда 185 миллиард сўмга яқин маблағ ҳисобидан қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш режалаштирилган. Жумладан, 19 та умумтаълим мактабларида 44,4  миллиард сўмлик, 4 та болалар мусиқа ва санъат мактабларида 15,9 миллиард сўмлик, 18 та мактабгача таълим муассасаларида 53,6 миллиард сўмлик, 11 та соғлиқни сақлаш объектларида 41,6 миллиард сўмлик қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилади.

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки,  2019-2020 йиллар давомида 11 триллион 282 миллиард сўмлик инвестиция ҳисобидан жами 793 лойиҳани амалга ошириш бўйича ишлар бошлаб юборилди. Президентимизнинг республикамиз, шу жумладан Мўйноқ тумани халқига қаратаётган алоҳида эътибори натижасида туманни комплекс ривожлантириш бўйича махсус дастур қабул қилинди. Шу асосда 2019-2020 йилларда 1 триллион 485 миллиард сўмлик қурилиш ва реконструкция ишларини бажариш назарда тутилмоқда. Шундан жорий йилнинг ўзида 622 миллиард сўмлик маблағ ҳисобидан 40 та ижтимоий объектда қурилиш-таъмирлаш, 20 та кўп қаватли турар жойларда қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Умуман олганда, шу йиллар давомида Мўйноқ туманида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 26 триллион 975 миллиард сўмлик 75 ­лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири У.Сабуров, Соғлиқни сақлаш вазири Д.Ходжиев, Маданият вазири Қ.Турдиев, Халқ таълими вазири А.Аяпов, «Нуроний» жамғармаси Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи ­Ш.Уснатдинов сўзга чиқиб, «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат ­дастури ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги вазифаларга тўхталиб ўтдилар.

Д.АБИБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон хабар

агентлиги шарҳловчиси.