Жамшид Ҳимматов: «Мен ҳарбий дирижёр бўламан!»


Президентимиз Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида биз хизмат қилаётган Шимолий-ғарбий ҳарбий округига қарашли Нукус ҳарбий горнизонида бўлган эди. Ҳарбий қисм ётоқхоналари, ўқув корпуслари, савдо комплекси, ошхона, шунингдек боғча, мактаб ва турар жойларни кўрди. Кичик ўқув полигони, чавандозлик, теннис, футбол, волейбол майдончаларида ўтказилаётган машғулотларни кузатди.

Ўзим Сурхондарё вилояти Термиз касб-ҳунар коллежини тамомлаб, жорий йилда муддатли ҳарбий хизматга чақирилдим. Горнизондаги ҳарбий оркестрда қўшиқ айтаман, пианино чаламан. Қуролдош дўстларим Тошкент шаҳри Шайҳонтоҳур туманидан Комилжон Акбаров, Миробод туманидан Арслон Отахонов, Қашқарадарё вилояти Деҳқонобод туманидан Абдуҳофиз Қузратов билан биргаликда Президентимиз билан ўтказилган учрашувда қўшиқ куйлаб, ўзимиз ёзган ­шеърлардан ўқиб бердик.

Президентимиз биз билан очиқ мулоқот қилиб, ҳол-аҳволимиз билан қизиқди.

Бизнинг жисмоний ва маънавий баркамол бўлишимиз кераклигини, вақтимизни бекор ўтказмай, китоб ўқиб, чуқур билим олишни, ахборот технологиялари ҳамда чет тилларни пухта ўрганишимиз, ёшларга ўрнак бўлишимиз лозимлигини таъкидлади.

Президентимиз суҳбат чоғида мендан келажакдаги орзуим ҳақида сўради. Мен Ўзбекистон давлат консерваториясининг Ҳарбий дирижёрлик факультетига кириб, ҳарбий хизматни давом эттириш орзусида эканимни айтдим. Шунда ­Президентимиз қўллаб-қувватлаб, тегишли раҳбарларга мени келгуси йилдан консерваториянинг Ҳарбий дирижёрлик факультетига имтиҳонсиз қабул қилишни ва иш билан таъминлашни топширди.

Айни пайтда ҳужжатларим тайёрланиб, тегишли жойга жўнатилди. Мен бундан жудаям хурсандман. Зеро, ота-онам ҳам педагог. Катта акам Тошкент шаҳрида ҳарбий қисмда сержант. Президентимизнинг шарофати билан менинг ҳам ҳарбий хизматга ўтиш борасида мақсадим амалга ошадиган бўлди.

Мен Президентимизнинг ишончини оқлаб, келгусида ватанимиз ҳимоячилари маънавий дунёсини бойитишга ҳисса қўшаман.

А.Жиемуратов

ёзиб олди.