Кечиримлилик ва адолатлилик халқимизга хос фазилат


Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган, “Меҳр” деб номланган ­хайрли иш бутун юртдошларимиз қалбини тўлқинлантирди. Дину – диёнатга содиқ хал­қимизни юксак инсоний фазилатлар эгаси эканлигидан яна бир бор ғурурлантирди.

Адашганга тўғри йўл кўрсатиш, кечиримлилик ва меҳр-оқибатли бўлиш чиндан ҳам халқимизга хос амаллардандир.

Албатта, бугун юртимизнинг ҳар бир фуқароси, ёшларимиз ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошларимиз – Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотурудий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ ­иждувоний, Наж­миддин Кубро, Бурҳониддин Марғиноний, ­Баҳоуддин ­Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби юзлаб алломаларнинг ватандоши, издоши эканлигидан ҳақли равишда фахрланади.

Қалбига яратган томонидан илоҳий илм нурлари ато этилган бу алломалар доимо авлодлар учун ёруғ йўл кўрсатиб турган. Боболаримиз ҳикматлари-ю, насиҳатларида, кўнгли ғамга тўлган инсонга шодлик улашиш, адашганга тўғри йўл кўрсатиш, алданганга тўғри фикр бериш, сабр-тоқат тилаш бот-бот тилга олинган.

Адолатли бўлиш, адолатли қарор қабул қилиш, адашганни кечириш буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темур тузукларида ҳам ўз ифодасини топган.

Президентимизнинг адолатли қарор қабул қилиши натижасида 156 нафар фуқароларимиз Яқин ­Шарқдаги қуролли ҳаракатлар майдонидан она ­Ватанга қайтиб келиш бахтига муяссар бўлдилар. Кўрсатилаётган тиббий ва ижтимоий, психологик  ёрдамлар эса уларнинг олис юртларда, мусофирчиликда юриб орттирган ғам-ҳасратларига малҳам бўлишига шубҳа йўқ.

Бугун ўз юртига қайтиб, унинг муқаддас тупроғига қадам босиш, ҳавосидан нафас олиш, бир ҳовуч сувидан лаззатланиш, меҳри дарё, қалби кенг инсонларнинг орасига кириб, эътибор ва иззат кўриш насиб қилган юртдошларимиз, эндиликда тўғрилик ва ҳалоллик йўлини танлаб, имкониятдан мамнун бўлиб, юрт тинчлиги, ватан тараққиёти учун ўз улушларини қўшишига чин дилдан ишонамиз.

Рауаж Отарбаев,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир.