Кино-концерт зали фойдаланишга топширилди


Нукусда замонавий кино-концерт зали фойдаланишга топширилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Ҳамраев, “Нуроний” жамғармаси Қорақалпо­ғистон Республикаси бўлими ­раиси, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ш.Уснатдинов, Ўзбекистон давлат филармонияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими “Мухаллес” дуторчилар ансамблининг бахши-созандаси, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори У.Оринбаевалар сўзга чиқиб, Президентимиз раҳбарлигида маданият ва санъатимизни ривожлантириш, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, истеъдодлиларни рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталиб ўтишди.

Нукус шаҳрининг кўркига кўрк қўшиб турган ушбу бино “Инвесстрой Нукус” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан  фойдаланишга топширилди. Жами 585 ўринга мўлжалланган концерт залига эга мазкур объект­да 11 миллиард сўмлик қурилиш таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

— Деярли 60 йилдан ортиқ тарихга эга жамоамиз халқимизнинг миллий маданиятини фақатгина юртимизда эмас, балки дунёнинг кўпгина давлатларида намойиш этиб келмоқда, — дейди “Айқулаш” қорақалпоқ давлат миллий фольклор ансамбли директори Аяпберген Алланиязов. — Янги бинонинг фойдаланишга топширилиши санъат жамоаларини янгидан-янги ижодий ишларга руҳлантиради. Келажакда бу ерда турли байрам тадбирларини ўтказиш режалаштирилган.

Тадбир иштирокчилари замонавий кино-концерт залида яратилган шароитлар билан танишдилар.

Иштирокчиларга санъат усталари ҳамда ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш этилди.

Д.Абибуллаев,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.