Конституция байрамига бағишланган тантанали мажлис


Шу йил 7 декабрь куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали мажлис бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Жўқорғи Кенгес депутатлари, вазирликлар, ташкилот ва корхоналар, ўқув ­муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, талаба-ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Мажлисни Нукус  шаҳри ҳокими П.Торешов кириш сўзи билан очди.

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов ­йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси Конс­ти­туцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан қизғин қутлади.

Табрикда таъкидланганидек, мамлакатимизнинг тарихий қисқа давр­да босиб ўтган ривожланиш бос­қичларига назар ташласак, мустақил Ўзбекистоннинг том маънода суверен давлат сифатида шаклланганини, унинг дунё халқлари орасида муносиб ўрин эгаллаганини, одамларнинг яшаш шароити яхшиланаётганини кўришимиз мумкин. Зеро, Асосий Қомусимиз юртимизнинг ўзига хос ривожланиш йўли ва ­олдга қўйган мақсадларини, инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини, озод ва обод, тинч-тотув яшаш тамойилларини ўзида мужассам этгани билан аҳамиятли. Муҳими, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти кучайиб, одамларнинг келажакка ишончи ортмоқда.

Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига бўлган алоҳида эътибори натижасида кейинги йилларда туб ўзгариш ва янгиланишлар юз бермоқда. Ўтган ойлар давомида Корея, Хитой, Буюк Британия, Швейцария, Россия каби давлатлардан жами 138 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестициялар олиб келингани иқтисодиётимиз мустаҳкамланаётганидан далолат беради

Президентимиз ­Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 15-16 ноябрь кунлари республикамизга ташрифини халқимиз алоҳида қувонч билан кутиб олди. Ушбу ташриф давомидаги учрашувда давлатимиз раҳбарининг «Сабр-тоқатли, мард қорақалпоқ элига таъзим қилишга тайёр­ман!» деган сўзлари ҳар биримизни янги бунёдкорлик ишларига руҳлантирмоқда.

Келгуси йилда ҳам барча соҳаларда жами 11 триллион 283 миллиард сўмлик 793 лойиҳани амалга ошириш, жумладан Хитой, Корея, Қувайт, Германия, Япония давлатларидаги элчилар томонидан республикамизда 7 триллион 341 миллиард сўмлик 30 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сес­сия­сидаги маърузасида дунё мамлакатлари эътиборини Орол муаммосига қаратгани шу йил 27 ноябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти йиғилишида Ўзбекистон делегациясининг қатнашгани, унда Траст фонди ташкил этилгани халқимиз ҳаётидаги тарихий воқеалардан бири бўлди.

Мажлисда Олий Мажлис Сенати аъзоси, Қорақалпоғистон халқ шоири Г.Аннақиличева, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси С.Утебаев йиғилганларни байрам билан табриклаб, қорақалпоқ халқига, жумладан ёшларимизга алоҳида ҳурмати ва эътибори учун Президентимизга чексиз миннатдорчилик билдирдилар.

Тадбир санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг байрам концерти билан якунланди.

Конституция байрамига бағишланган тадбирлар барча туманларда, қишлоқларда ва энг чекка ҳудудларда кўтаринки руҳда нишонланмоқда.

Д.АБИБУЛЛАЕВ

Қорақалпоғистон хабар агентлиги мухбири.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.