КОНТРАКТЛАР ИЖРОСИНИ ТАЪМИНЛАШ соҳасида иқтисодий судларнинг роли ортиб бормоқда


Мамлакатимизда инвестиция сиёсатини тубдан такомиллаштириш ва ислоҳ қилиш, уни амалга ошириш юзасидан замонавий, самарали ёндашув ва механизм­ларни жорий этиш, шунингдек, ишбилармонлик муҳитни яхшилаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимизда бизнес юритиш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш, корпоратив бошқарувни ривожлантириш, чет эл инвести­цияларини фаол жалб этиш ва инвесторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни таъминлашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Бундай чора-тадбирларнинг кўлами ва самарадорлиги нафақат мамлакатимиздаги инвестицион ­фаолликнинг ортиши билан, балки нуфузли халқаро молиявий ташкилотлар ва рейтинг агентликлари томонидан берилаётган муносиб баҳо билан ҳам ўз исботини топмоқда.

Охирги 5 йил давомида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон жаҳоннинг 190 та мамлакати орасида 146-ўриндан 76-ўринга кўтарилди. “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботи 10 та индикатор кесимида шакл­лантирилади. Шулардан бири “Контракт­лар ижросини таъминлаш” индикатори бўлиб, мазкур индикатор бўйича мамлакатимиз 2019 йил ҳолатига 41-ўриндан жой олган. ­Президентимизнинг 2019 йил 17 январдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”даги Фармони билан мамлакатимизнинг “Контрактлар ижросини таъминлаш” индикаторидаги ўрнини яхшилаш учун Олий суд масъул идоралардан бири этиб белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг 2018 йил 13 июлдаги ­­ПҚ-3852-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, унда “контракт­лар ижросини таъминлаш” соҳасида бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

Президентимиз қарори билан тасдиқланган Йўл харитасида белгилаб олинган тадбирларни амалга ошириш юзасидан иқтисодий судларда ишларни юритишга доир статистик маълумотлар, хусусан иқтисодий ишларни кўриш давомийлиги ҳақидаги, шунингдек иқтисодий судларга келиб тушган даъво аризалар ва уларнинг кўриб ҳал этилган иқтисодий ишларга нисбати ҳақидаги статистик маълумотларни Олий суд расмий веб-сайтида жойлаштириб бориш йўлга қўйилди. Йўл харитасида белгиланган тадбирлар асосида барча фойдаланувчилар, шу жумладан судьялар ва ишда иштирок этувчи шахслар фойдаланишлари мумкин бўлган шундай электрон тизим яратилдики, унга мувофиқ фойдаланувчилар Олий суд расмий сайтидаги интерактив хизматлар ёрдамида суд амалиёти умумлашмалари ва обзорлари, судга тақдим этиладиган мурожаатлар намуналарини суднинг иш юритувида бўлган барча ишлар бўйича суд мажлислари жадвали (иш кўриладиган сана, масъул судья, иш рақами ва бошқалар акс эттирилган) ҳақидаги маълумотларни олиш имкониятига эга бўлишди.

Шу билан бир қаторда, иқтисодий судларга мурожаатларни электрон тарзда тақдим этиш, мазкур элек­трон мурожаатлар юзасидан олиб борилган процессуал ҳаракатлар, уларнинг бориши ҳамда натижаларини ­кузатиб боришни таъминлайдиган ­ E-XSUD ахборот тизими ишлаб чиқилди.

Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун даъво аризасини (аризани), шикоятни (протестни), мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни иқтисодий судга электрон ҳужжат тарзида юбориши мумкин. Бунинг учун манфаатдор шахс www.sud.uz манзили орқали Ўзбекис­тон Республикаси Олий судининг расмий веб-сайтига кириши, “Судга электрон мурожаат юбориш” рукни орқали “E-XSUD” ахборот тизимидан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиши лозим.

Йўл харитасида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш юзасидан барча судлардаги суд ишларини юритиш электрон тизимида судга келиб тушган ишларни судьялар ўртасида автоматик тартибда тақсимлаш имконини берувчи механизм жорий этилди. Тадбирларни амалга ошириш юзасидан қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра иқтисодий ишлар бўйича суд муҳокамаларида ошкораликни таъминлаш мақсадида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорларини, ёпиқ суд мажлисларида чиқарилган ҳал қилув қарорлари бундан мустасно, тарафларнинг розилиги билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий веб-сайтида чоп этиш, иқтисодий судлар томонидан даъво суммаси кам миқдорда бўлган низоларни соддалаштирилган тартибда кўриш, шунингдек иш бўйича биринчи суд мажлисини ўтказиш ва жавобгарнинг даъво аризаси юзасидан ёзма фикр тақдим этиши учун аниқ муддатлар белгилаш таклиф этилган. Жорий йилнинг 21 февраль куни Қорақалпоғистон телевидениесининг ­«Инсон манфаати» тўғридан-тўғри кўрсатувида Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий суди томонидан контрактлар ижросини таъминлаш индикатори бўйича амалга оширилган ишлар  ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ҳақида фикр юритилди ва саволларга жавоблар берилди.

Амалга оширилган мазкур ишлар, аввало, мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари суд томонидан ишончли ва самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги нуфузини янада яхшилашга хизмат қилади.

Б.Темирханова,

Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий суди раиси.