Маҳсулотларингизни зараркунандалардан сақланг!


Ёз фасли далаларда етиштириладиган маҳсулотларни ҳар-хил зараркунандалар, касалликлар ва ёввойи ўтлардан ҳимоя қиладиган мавсум ҳисобланади. Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси ўсимликлар карантини ­ҳудудий инспекциясининг агроном-инспекторлари томонидан қовун пашшасига қарши курашиш чоралари олиб ­борилмоқда.

Бу зараркунанда дунёдаги кўпгина мамлакатларда тарқалган бўлиб, у ҳосилдорликни ва маҳсулот сифатини пасайтиради. Қорақалпоғистон  Республикаси  шароитида полиз экинлари майдонларидан юқори ҳосил олишга ҳам мазкур зараркунанда салбий таъсирини кўрсатмоқда.

— Бугунги кунда Ўзбекистон  Республикаси  Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ўсимликлар  карантини давлат инспекциясининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида полиз  экинларига салбий таъсир кўрсатадиган «қовун пашшаси»  зараркунандасига қарши курашиш бўйича белгиланган «Муҳим ўн беш кунлик» тадбирлари олиб борилмоқда, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси ўсимликлар карантини ҳудудий инспекциясининг бош агрономи Дарьябай Уббиниязов. — Жумладан,  республикамизнинг барча туманларида агроном-инспекторлар томонидан қовун пашшасига қарши курашиш тадбирлари бўйича семинарлар ўтказилиб, тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.

Яқинда ана шундай тадбирлар Қўнғирот туманида ҳам бўлиб ўтди.

Бу каби тадбирларни ўтказишдан мақсад — республикамизга карантин ўсимликларининг кириб келиш хавфини бартараф қилиш, зараркунандаларга қарши курашиш чораларини кучайтиришдир.

— Туманимиз ҳудудида 200 гектар қовун экилган майдонлар бўлиб, бу далаларда зараркунандаларни аниқлаш мақсадида ферамон тутқичлар ўрнатилди, — дейди Қўнғирот тумани агроном-инспектори Баҳодир Ўразалиев. — Қовун пашшаси ривожланишининг биоэкологик ҳоссаларидан бири зараркунанда қурти мева   ичида ривожланади ва озиқланиш орқали зарар беради. Ривожланаётган қуртнинг озиқланиши якунланиши билан у мева қаватини тешиб ташқарига чиқади ва 10-15 дақиқа ичида тупроқнинг устки қисмида, 3-20 см чуқурликда капалакка айланади. У зарарлаган мева эса, яроқсиз ҳолатга келади.

Бу зараркунандага қарши агротехник, кимёвий кураш усуллари олиб борилиши натижасида полиз маҳсулотларида зараркунандалар аниқланмади. Агарда деҳқон-фермерлар ёки томорқа ер эгалари далаларида фитосанитар назорат ўтказганимизда қандайдир зараркунандалар аниқланса, «ўсимликлар клиникалари» билан ҳамкорликда тегишли чораларни олиб борамиз.

— Бугунги кунда туман ҳудудидаги деҳқон-фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг мурожаатлари асосида аниқланган зараркунандаларни кимёвий усулда дорилаш ишлари олиб борилмоқда, — дейди Қўнғирот тумани ўсимликлар клиникаси раҳбари Зокир Алланазаров. — Қовун пашшасига қарши курашиш усуллари алмашлаб экиш, зарарланган ўсимликларни изолияциялаш, тез пишар навларни экиш, майда ёш меваларни гуллашдан кейин изолияциялаш, маҳсулотни йиғиштириб олгандан сўнг қолдиқларини йўқ қилиш, зарарланган қовунларни камида 75 см чуқурликда тупроқ остига кўмиш, мутахассислар кўрсатмаси билан инсектицидлардан арбофос  (фуфанон), пилигрим, энерги, пиринекс каби препаратларни қўллаш тавсия этилади.

Деҳқон йил бўйи ерга меҳр бериб, юқори ҳосил олиш ниятида тиним билмай меҳнат қилади. Зараркунандаларга қарши курашиш тадбирлари эса мана шу меҳнатларнинг самарасини беришга, юқори ва сифатли ҳосил олишга замин яратади.

Қорақалпоғистон хабар агентлиги.