Мактабларнинг намунали битирувчилари тақдирланди


Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик ­мусиқали театрида умумтаълим мактабларининг  намунали 11-синф битирувчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Д.Қурбаниязов, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири А.Аяпов сўзга чиқиб, юртимизда таълим соҳасини ривожлантириш, шарафли ва машаққатли касб эгаларининг меҳнатларини муносиб баҳолаш, иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга тўхталиб ўтишди.

Таъкидланганидек, республикамиздаги жами 706 та умумтаълим мактабларида 2018-2019 ўқув йилида 325 минг 943 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Шундан 14 минг 683 нафар ўқувчи 11-синфни муваффақиятли битириб, катта ҳаётга қадам қўймоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 22 февралдаги қарорига мувофиқ 161 нафар ўқувчи олтин ҳамда 161 нафар ўқувчи эса кумуш медаллари билан тақдирланди.

Тадбир республикамиз санъат усталарининг концерт  ­дастури билан якунланди.