МАҚСАД: БЮРОКРАТИК ТЎСИҚЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШДИР


Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумати томонидан тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Хусусан, тадбиркорлик фаолиятининг имкониятларини кенгайтириш, ушбу соҳада иш олиб боришни янада соддалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил 27 июлда “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони қабул қилинди.

Ушбу фармонда бизнесни ривожлантиришдаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини янада кучайтириш, мамлакатда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсад қилинган.

Фармонда 2018 йил 1 апрелга қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларга ва 2018 йил 1 апрелдан молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган (шу жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатган) якка тартибдаги тадбиркорларга мазкур фармон кучга кирган вақтда мавжуд бўлган қатъий белгиланган солиқ ва ушбу қарздорлик учун ҳисобланган пенялар бўйича қарздорликни, шунинг­дек, молиявий жарималар ва суд харажатлари (суд чиқимлари бундан мустасно) бўйича ҳисобланган қарздорликни  ҳамда давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганлиги учун бир йиллик қатъий белгиланган солиқ суммаси ҳисобланган жисмоний шахсларга, агар улар  2019 йил 1 январга қадар муддатда тадбиркорлик фаолиятини тиклаган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳолларда қарздорликларини ҳисобдан чиқариш  белгиланган.

Ундан ташқари якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият олиб бораётган жисмоний шахслардан тегишли фаолият тури бўйича белгиланган ставкадан келиб чиқиб ҳисобланган бир йиллик миқдордаги қатъий белгиланган солиқни бир йўла ундириш тартиби бекор қилинди.

Шу билан бирга 2018 йил 1 сентябрдан тадбиркорлик субъект­ларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган назорат тартибидаги текширувлар бекор қилинди.

2018 йил 1 сентябрдан назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар “Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими”да рўйхатга олиниши шарт ва ушбу тизимда рўйхатга олинмаган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар ноқонуний деб ҳисобланади.

Тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва хусусий тадбиркорларимиз давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлардан фойдаланган ҳолда республикамизда ислоҳотларни чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, рақобатни ривожлантириш, ҳалқимиз бандлигини ва бозорларимиз тўкинлигини таъминлаш йўлида олиб борилаётган ишларда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшадилар, деб ишонамиз.

А.Ибраймов,

Нукус шаҳар статистика бўлими бошлиғи.