Масъулиятли касб эгаларининг байрами


Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар театрида 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Д.Қурбаниязов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Таъкидланганидек, халқимиз ушбу машаққатли ва масъулиятли касб эгаларининг меҳнатини ҳамиша кузатиб боради ҳамда инсонларга энг яқин касб эгалари сифатида алоҳида ҳурмат қилади. Шу  билан бирга бугунги ҳаётни матбуот ва оммавий ахборот воситаларисиз кўз олдига келтира олмайди.  Президентимизнинг “Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилиши зарур. Бу замон талаби, ислоҳотларимиз талаби”, — деган қимматли фикрларини теран англаб, ўзларининг дунёқараши, билим даражаси, касб маданияти, маҳорати ва бошқа сифатларини танқидий нуқтаи –назардан баҳолаб бориши лозим.

Ўтган қисқа давр ичида ­Президентимиз томонидан матбуот ва ахборот соҳасини бошқаришни такомиллаштириш, журналистлар ижодий уюшмаси, оммавий ахборот воситалари, соҳа ходимларининг меҳнатларини рағбатлантириш, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигини ташкил этиш бўйича қабул қилинган фармон ва қарорлар ҳаётимизда муҳим ўрин тутади.  Зеро, ҳозирги глобаллашув ва ахборот даври ҳар бир журналистдан, радио, телевидение ва матбуот соҳаси ходимларидан давр билан ҳамнафас қадам ташлашни, ўз устида ишлашни янгидан янги мавзулар бўйича тинимсиз изланишни, янгича фикрлашни қатъий талаб қилмоқда.

Бу йил “Вести Каракалпакстана” газетасининг нашр этилганига 100 йил, “Еркин Қарақалпақстан” газетасига 95 йил, Қорақалпоғистон ахборот агентлигига 65 йил, Қорақалпоғистон телевидениесига 55 йил, шунингдек. “Тараққиёт кўзгуси” газетасига 85 йил, “Қўнғирот ҳақиқати” газетасига 75 йил, “Ақманғит та¦и” газетасига 50 йил тўлиши  миллий журналистикамиз муносиб ривожланиш босқичларидан ўтганини яна бир бор исботлайди.

Тадбирда “Вести Каракалпакстана” газетасининг 100, “Еркин Қарақалпақстан” газетасининг 95 йиллиги муносабати билан газета ходимлари фахрий унвонлар билан тақдирланди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан республика газета-журналлар таҳририятларига, Қорақалпо­ғистон ахборот агентлиги жамоасига компьютер тўпламлари совға қилинди.

Шундан сўнг, “Еркин Қарақалпақстан”- “Вести Каракалпакстана” газеталарининг Бош муҳаррири, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими раҳбари К.Реймов, “Қорақалпоқ адабиёти” газетаси Бош муҳаррири, сенатор Г.Аннақиличева ва бош­қалар йиғилганларни касб байрами билан табриклаб, Президентимиз томонидан матбуот ва ахборот соҳасини ривожлантириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, машаққатли касб эгаларининг меҳнатини рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтишди.

Байрам муносабати билан матбуот ва оммавий ахборот воситалари соҳасида фаолият юритаётган бир гуруҳ фидоий ходимларга вазирлик ва жамоат ташкилотларининг Фаҳрий ёрлиқлари ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди.

Тантанали йиғилиш республикамиз санъат усталарининг концерт дастури билан якунланди.

Д.Абибуллаев,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.        

Қ.БЕГИМОВ олган сурат.