«MEGA NUKUS» ўз фаолиятини бошлади


Нукус шаҳрида якка тадбиркор Элмира Шарипова ташаббуси билан «MEGA NUKUS» кўнгилочар-савдо маркази ишга туширилди. Ушбу олти қаватли замонавий мажмуада, аҳолига савдо хизматини кўрсатиш учун барча шароитлар яратилган. Бу ерда 200 дан ортиқ маиший буюмлар, кийим-кечаклар, озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган дўконлар, шунингдек дорихона, гўзаллик салони, болалар учун қизиқарли атракцион майдончалари мавжуд.

— Янги мажмуанинг Наврўз кунларида топширилиши шаҳарликларга катта совға бўлди. Чунки, бу республика марказидаги энг катта савдо объекти ҳисобланади. Шундай кўркам бинони қуриш учун «Қишлоққурилишбанк»нинг Қорақалпоғистон бўлими томонидан 55 миллиард сўм маблағ ажратилди. Мажмуанинг юқори қаватларига кўтарилиш учун янги эсколатор ва лифтлар ўрнатилди. Асосийси, яратилган имкониятлар ва кўрсатилаётган савдо хизматидан харидорлар жуда мамнун, — дейди Элмира Шарипова.