Муаллимнинг ҳақлари Қавмга умумий, устозга алоҳида салом бериш керак


Халқимиз орасида «Устоз – отангдек улуғ» мақоли жуда ҳам машҳур. Ўқитувчилик азал – азалдан эътиборли касб ҳисобланиб келган. Дунёнинг деярли барча  мамлакатларида ўқитувчи – мураббийларга нисбатан алоҳида эътибор қаратилади ва эъзозланади. Мамлакатимизда ҳам «1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни» умумхалк байрами сифатида нишонланиб келинмоқда.

Устозлар улуғланаётган шундай кунда устознинг ўқувчилардаги ҳақлари ҳақида тўхталишни лозим топдик. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу муаллимнинг мутаъаллимдаги ҳақлари тўғрисида қуйидагиларни айтганлар: «Қавмга умумий салом бериб, унга алоҳида беришинг. Унинг қаршисида ўтиришинг. Ҳузурида қўлларинг ила ишора қилмаслигинг. Кўзинг­ни ундан бошқага тикмаслигинг. Унинг гапига хилоф гап айт­маслигинг. Унинг олдида бировни ғийбат қилмаслигинг. Унинг қоқилишини истамаслигинг. Агар йўлдан тойса, кечиришинг. Аллоҳ таоло учун уни улуғлашинг. Унинг ҳожати бўлса, бошқалардан кўра олдин хизматига интилишинг. Унинг мажлисида бирор киши билан сирлашмаслигинг. Унинг кийимини ушламаслигинг. Унга малол келтирмаслигинг. Суҳбатининг чўзилиб кетганидан безимаслигинг керак. У худди хурмо кабидир, ундан тушадиган нарсани пойлаб тур».

Илм олишнинг турли босқичларида илм олувчи ўзининг ёши ёки таълим босқичи қай даражада бўлишидан қатъий назар, толиби илм эканини зинҳор ёддан чиқармаслиги ва мазкур одобларга мунтазам риоя этиши керак бўлади.

Шунингдек, таълим бераётган муаллим ҳам алоҳида одоб қоидаларига риоя қилиши даркор. Зеро, таълим бериш билан таълим олиш бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Бирисиз иккинчиси бўлмайди. Шунинг учун ҳам талаба бўлиб, илм олишга қанчалик тарғиб қилинган ва бу ишга савоб-мартабалар ваъда қилинган бўлса, олим бўлиб таълим беришга ҳам шунчалар тарғиб қилинган ва бу ишга ҳам савоб-мартабалар ваъда қилинган. Илм талаб қилиш фарз бўлгани каби, таълим бериш ҳам фарз қилинган.

Динимизда таълимга берилган аҳамиятдан таълим ходимлари бўлмиш муаллимларни улуғлаш ва уларга бўлган ҳурмат-эҳтиром юзага келган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ, У Зотнинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига салавот айтадилар», дедилар.

Термизий ривоят қилган ушбу ҳадиси шарифдаги одамларга яхшиликни ўргатувчилар асосан муаллимлардир. Бу шарафга муяссар бўладиганларга кичкинтойларга алифбе ҳарфларини ўргатаётган муаллимлардан тортиб, фан докторлиги илмий ишларига раҳбарлик қилаётган устозлар, илмий кашфиётларни бошқараёт­ган раҳбарларгача барчалари кирадилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам боласи ўлганида амали кесилади. Илло уч нарса: жорий садақа, манфаат олинадиган илм ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд мустасно», дедилар».

Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилганлар.

Киши қандай қилиб ўзидан кейин манфаат берадиган илм қолдира олади? Бу иш, аввало, бошқаларга илм ўргатиш билан амалга ошади. Модомики, шогирдлар, шогирдларнинг шогирдлари ўша илмни ишлатмоқдами, кишиларга манфаати етмоқдами, устозга савоби ёзилиб тураверади.

Шунингдек ёзиб қолдириш ҳам савобдир. Инсонларга фойда келтирадиган бошқа илмлар бўйича иймон ва ихлос билан китоб ёзиб қолдирган кишига, агар китобидан инсонлар фойдаланиб туришса, ўлганидан кейин ҳам унга савоб етиб тураверади.

Бундан ташқари илм йўлида хизмат қилиш, мисол учун толиби илмларга, устозларга илм йўлида ёрдам бериш, илм даргоҳи қуриш, ўз маблағидан китоб чоп эттириш каби ишларни қилган одамлар вафот этиб кетса ҳам, савоблари узилмайди.

Муаллимларнинг шарафли вазифаларини адо этиш жараёнида амал қилишлари лозим бўлган одобларга уламолар қадимдан алоҳида эътибор билан қараб, унинг баёнини қилганлар.

Илмни лозим тутиш, унга муҳаббат қилиш, унга бутун вужуди билан берилиш ва илмини зиёда қилиш учун доимо ҳаракатда бўлиш. Илмига амал қилиш. Зотан, ҳақиқий олимнинг гапи ишига тескари бўлмайди. Чунки, уларнинг асосий вазифаларидан бири кишиларни тўғри йўлга бошлашдир. Бунда эса уларнинг ўзлари гўзал ўрнак бўлишлари шарт.

Муаллимнинг одобларидан яна бири ўзи мутахассис бўлган илмдан бошқа илмларни қораламасликдир. Ҳақиқий олим талабаларни барча фойдали илмларга тарғиб қилади. Ҳамма дарсларни бирдек ўзлаштиришга чорлайди. Муаллим ўз талабасини қўлига топширилган омонат дея билиши зарур.

Ҳақиқатдан ҳам ҳар бир талаба ота-онаси ва жамият томонидан устознинг қўлига топширилган буюк омонатдир. Бу борада устознинг зиммасига улкан масъулият юклатилган бўлади. Устоз талаба шахсиятининг шаклланиши, фикрларининг ўсиши, нафсининг тарбияланиши, илм олиши, маърифат ҳосил қилиши каби бир қанча ўта аҳамиятли нарсаларга масъулдир.

Муаллим талабаларига гўзал инсоний сифатларда, одоб-ахлоқда, илм-маърифатда, муомалада, ҳаётнинг барча соҳаларида ҳақиқий намуна бўлиши лозим.

Манбалар асосида Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси  Жўрабек Ишаев таёрлади.