МУШТАРИЙЛАР ОЛДИДА ҲИСОБДОРМИЗ


Бугун ҳар бир вазирлик, идора, корхона ёки ташкилот ўз соҳасидаги фаолияти билан халқимиз олдида ҳисобдордир. Бу албатта ОАВларига ҳам  тааллуқли. Аввало шуни таъкидлаш лозимки, ҳар бир нашрнинг ўз асосий йўналиши бор. Таҳририят ана шу мезондан келиб чиқиб нашрнинг мазмун-моҳиятини шакллантиради. Жумладан, «Қорақалпоғистон тонги» газетаси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи  Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг органи сифатида мамлакатимизда, жумладан Қорақалпоғистондаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жараёнлар, ислоҳотларнинг бориши ҳақида тезкор, ҳаққоний ва таҳлилий маълумотларни ёритиб боради.

Барчамизга маълумки, ҳозирги вақтда Қорақалпоғистон Республикасининг ижтимоий-сиёсий ҳаёти, одамларимиз турмушидаги туб ўзгаришлар аввало, ­Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббус ва ғоялари,  фармон ва  қарорларида белгиланган вазифалар ижросининг  натижасидир. Шунингдек, Президентимизнинг қарор ва фармонларини ўз вақтида ўқувчиларга етказиб бориш аҳолининг бу ҳужжатлардан хабардорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Шундан келиб чиққан ҳолда жорий йилнинг биринчи чорагидаги фаолиятимиз давомида бу масалага алоҳида эътибор қаратдик.

Жумладан, газетамизнинг биринчи сонида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси эълон қилинди. Шунингдек, биринчи чорак давомида газетамиз саҳифаларида Президентимиз ­Ш.Мирзиёевнинг  фармон ва қарорлари тўлиқ нашр этилиб борилди. Бундан ташқари Қорақалпоғистон  Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг фармойишлари,  Президиум қарорлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қарорлари ҳам эълон қилинди.

Биз газетамиз саҳифаларида фақат фармон ва қарорларнигина эмас балки, уларнинг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, бу саъй-ҳаракатлар одамларнинг ҳаётига қай даражада таъсир  кўрсатаётганлиги ва жараёнларга нисбатан маҳаллий аҳолининг муносабатларини ҳам ўз вақтида ва тизимли равишда ёритиб бормоқдамиз.

Масалан, шу йил газетамизнинг биринчи сонидаёқ ­Президентимизнинг Мурожаатномасига нисбатан «Барча эзгу ишлар ниятга боғлиқ» сарлавҳали муносабат берилди. Тўғриси, ушбу Мурожаатнома бўйича таҳририятга турли касб эгаларидан муносабатлар келди. Уларнинг аксариятини ёритишга эришдик.

Газетамизнинг 14 февралдаги 8-сонида эълон қилинган “Аҳоли муаммоларини ҳал қилишда янгича ёндашув” сарлав­ҳали материалда эса Ўзбекис­тон Республикаси ­Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси раҳбари ўринбосари билан суҳбат уюштирилиб, Президентимизнинг 2019 йил 17 январдаги «Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан жорий қилинаётган янгиликларнинг мазмун-моҳияти очиб берилди. Газетамизнинг 11-сонида Президентимизнинг 2016 йил 15 февралдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақидаги” қарори асосида амалга оширилиши назарда тутилган вазифалар юзасидан Нукус шаҳар Давлат хизматлари маркази директори билан суҳбат ёритилди.

Маълумки, Давлатимиз раҳбарининг республикамизга қилган ҳар галги ташрифларида бир қатор йирик лойиҳаларга асос солиниб, қурилиш ишлари бошланади. Газетамизнинг 2019 йилги биринчи сонида Нукус шаҳри ва бошқа туманларда 2018 йил давомида қурилган ана шундай янги иншоотлар ҳақида суратлари билан кенг ­ҳажмда мақола берилди.

Бугунги кунда Президентимиз ташаббуси билан Мўйноқ тумани, хусусан, Орол денгизининг қуриган қисмида амалга оширилаётган ишлар бутун дунё ­ҳамжамиятининг эътибор марказида  бўлмоқда. Бу янгиланиш ва бунёдкорлик ишларини ҳам газета саҳифаларида кенг ёритишга ҳаракат қилаяпмиз. Жорий йилнинг дастлабки чорагида газетамизда Мўйноқ туманидаги бунёдкорлик ишлари ва Орол денгизининг қуриган майдонларида ҳимоя ўрмонзорларини барпо этишга оид 13 та материал ёритилган. Мавзуга оид ­дастлабки материал газетанинг биринчи сонидаёқ Орол денгизи қуриб бориши оқибатида юзага келган экологик аҳволни юмшатиш, денгиз ҳудудида чўлга чидамли ўсимликлар экиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг халқимизга мурожаати билан бошланди. Шундан сўнг газетанинг деярли ҳар сонида бу мавзу бериб борилди. “Саксовул экилган майдон 103 минг гектардан ошди”, “Орол бўйи обод бўлади”, “Орол денгизининг сувсиз ҳудуди ўрмонзорга айланади”, “Ҳашарчилар меҳнати муносиб баҳоланди” каби сарлавҳаларда ёритилган мақолалар шулар жумласидандир.

Газетамизда “Мулоҳаза учун мавзу” рукни остида танқидий таҳлилий материаллар бериб боришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, газетанинг 5-сонида “Дарсликларнинг кўчирма нусҳалари сотилаётгани бугунги кун талабига тўғри келадими?” сарлавҳали мақола ёритилди. Бу жараёнда мухбир мавзуни ҳар томонлама ўрганиб, айрим фактларни суратга олган ва тегишли ходимларнинг фикр­лари билан ҳам ўртоқлашган. Жумладан, мақолада Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва республикамиздаги иккита наш­риёт масъул ходимларининг фикри  ва бозордаги сотувчиларнинг умумий фикрлари таҳлилий берилган.

Шунингдек, газета саҳифаларида Президентимиз томонидан тегишли фармонлар билан тасдиқланган  “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат дастурининг жойлардаги ижроси, “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” дастурлари ҳамда “Ҳар бир оила тадбиркор”, “Ёшлар келажагимиз” дастурлари ижроси бўйича ҳудудларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида ҳам мақола ва хабарлар бериб борилмоқда. Уларда мазкур давлат дастурлари асосида амалга оширилаётган ишлар аҳолининг турли қатламлари ҳаётида қанчалик ўзгаришлар ясаётганлиги ифода этилган.

Бугунги кунда жамиятимизда бўлаётган ўзгариш ва янгиланишларни ҳафтада бир марта нашр этиладиган газета орқали бериб бориш қийин, албатта. Бу борада бизга газетамизнинг иловалари бўлган “Қорақалпоқ адабиёти” ва “Гулойим” газеталари қўл келмоқда. Хусусан “Қорақалпоқ адабиёти” газетасида мамлакатимиздаги адабиёт, санъат, маданият, маънавий ва маърифий соҳалардаги ислоҳотлар, янгиликлар кенг ёритиб борилади. Тўрт тилда нашр этиладиган газета саҳифаларида қорақалпоқ ва ўзбек адабиёти намуналари билан бир қаторда, хорижий ижодкорлар асарларининг қорақалпоқ ва ўзбек тилига,  ўзимизнинг ёзувчи шоир­ларимиз асарларининг рус, ­инглиз тилларига таржималари ҳам бериб борилади. Шу баробарда  “Қорақалпоқ адабиёти” газетаси орқали юзга яқин янги номлар, ёш ижодкорлар билан бир қаторда ўнлаган таржимонлар кашф этилди. “Гулойим” газетаси бевосита хотин-қизлар нашри сифатида фаолият олиб боради.

Албатта, режаларимиз ҳам кўп. Хусусан, келажакда танқидий-таҳлилий мақолаларга кўпроқ эътибор қаратиш ниятидамиз. Шунинг­дек, фуқароларнинг муаммоларини, мурожаатларини ва улар юзасидан тегишли ташкилот ва идораларнинг жавоблари ва муносабатларини  газетада ёритиб бориш ниҳоятда муҳимдир. “Фикр”, “Таклиф” рукнлари орқали эса халқимиз, ёшлар ва хотин қизларнинг мамлакатимиздаги ислоҳотлар жараёнини янада жадаллаштириш, камчилик ва муаммоларни бартараф этишга оид фикр ва таклифларини ёритиб бориш назарда тутилмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, газетани халқнинг очиқ минбарига айлантириш, олиб борилаётган ислоҳотларнинг, барча жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашга ҳисса қўшиш бизнинг асосий мақсадимиздир.

ТАҲРИРИЯТ.