МЎЙНОҚ ФЕСТИВАЛГА ЧОРЛАЙДИ балиқдан 120 хил таом


Жорий йил 19-20 октябрь кунлари республикамизда «Орол балиқларидан 99 хил таомлар» номли гастрономик фестиваль ҳамда «Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши» мавзусида халқаро экофестиваль бўлиб ўтади.

Президентимизнинг 2017 йил 28 февралдаги “2017-2018 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижроси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамкорлигида ташкил қилинаётган тадбирга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Бу борада қилинаётган ишлар юзасидан «Қорақалпоғистон умумий овқатланиш”  корхоналар бирлашмаси раҳбари Гулмирза Юлдашев қуйидагиларни маълум қилди:

— Ҳақиқатан ҳам, жорий йил 6 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Абдухакимов раҳбарлигида Вазирлар Кенгашида бўлиб ўтган йиғилиш баённомасига мувофиқ, чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Жорий йилги ушбу фестивалга Тошкент шаҳридан, Бухоро ва Хоразм вилоятларидан, Нукус шаҳридаги бир қатор ресторанлар ва республикамизнинг барча туманларидан, ошпазлик касбига ўргатувчи касб-ҳунар коллежларидан балиқдан турли таомлар тайёрловчи 70 нафарга яқин моҳир ошпазлар, мутахассислар ва тажрибали уй бекалари иштирок қилиши кутилмоқда. Хабарингиз бўлса, ўтган йил балиқдан 112 хил таом тайёрланган эди. Жорий фестивалда 120 хил таом тайёрлаш кутилмоқда.

Тадбир дастурига мувофиқ, балиқдан таом тайёрлаш бўйича танлов ўтказилиб, унинг ғолиблари тадбир ташкилотчилари томонидан муносиб тақдирланади.

Шу билан бирга «Энг моҳир ошпаз», «Энг чиройли балиқ таоми ошпази », «Энг мазали балиқ таоми ошпази», «Энг қадимий балиқ таоми ошпази», «Энг чаққон балиқ  таоми ошпази», «Энг ёш ошпаз», «Энг моҳир аёл ошпаз», «Балиқдан таом тайёрлашда энг моҳир уй бекаси» каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланади.

«Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши» мавзусидаги халқаро экофестиваль доирасида И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида илмий  конференция ўтказилиб, Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти музейининг “Мўйноқ экомузейи” филиалининг очилиш маросими бўлиб ўтади.

Ҳозирги вақтда фестиваллар ўтказиладиган жойларда ободонлаштириш, йўлларни таъмирлаш, Нукус-Мўйноқ йўналиши бўйлаб тадбирнинг аҳамиятини тарғиб қилувчи шиорлар тайёрланиб, ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Фестиваль тадбирларини кўтаринки руҳда ўтказиш учун юксак тажрибага эга профессионал сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи-шоирлар,  балетмейстерлар таклиф қилинган. Халқаро аҳамиятга эга бўлган мазкур тадбрда эстрада қўшиқчилари, санъат усталари, халқ чолғулари ансамбллари иштирок қилади. Миллий урф-одатларимиз, қадриятларимизни кўрсатиш мақсадида республикамиздан ташқари Бухоро ва Хоразм вилоятларидан фольклор-этнографик жамоалар ҳам қатнашади.  Бухоро ва Хива шаҳарларига келган  чет эллик туристлар ҳам таклиф қилинади. Бундан ташқари, республикамиздан ва Хоразм вилоятидан келган ёш рассомлар ва ҳунармандлар асарларининг кўргазмаси ташкил қилинади.

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан Оролбўйи, шу жумладан, Мўйноқ тумани аҳолисининг турмуш даражасини яхшилашга қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида, ҳудудда бундай катта тадбирлар ўтказилмоқда. Фестивални ўтказишдан мақсад эса, халқимизнинг ўзига хос бой маданияти, урф-одатлари, анъаналарини юртдошларимиз ва жаҳон ҳамжамияти орасида кенг тарғиб қилиб, республикамизнинг туризм салоҳиятини янада оширишдир. Шу билан бирга бу тадбирлар унитилиб кетаётган миллий таомларимизни қайта тиклаш, келгуси авлодларга етказишга хизмат этади.

Д.АБИБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон  хабар агентлиги мухбири.