МЎЙНОҚДА «БЕШ ТАШАББУС — БЕШ ИМКОНИЯТ!» ШИОРИ ОСТИДА АКЦИЯ ЎТКАЗИЛДИ


Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан Мўйноқ туманида «Беш ташаббус — беш имконият!» шиори остида акция бўлиб ўтди.

Тадбирнинг очилиши маросимида туман ҳокими С.Данияров, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпо­ғистон Республика Кенгаши раиси ўринбосари ­И.Абдикаликов ва бош­қалар мамлакатимизда ёш авлодни маънавий баркамол инсон этиб тарбиялаш, бўш ­вақтларини мазмунли ўтказишни ташкил этиш, уларнинг санъат, спорт, ­ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус республикамизда кенг татбиқ қилинаётганлигини қайд этишди.

Жумладан, бу борада ишлаб чиқилган чора-тадбирларнинг шаҳар ва туман Кенгашларида ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ҳар ҳафтанинг жума ва шанба куни тарғибот ишларини олиб бориш тизими яратилди. Мўйноқ туманидан бошланган акция арафасида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг бешта ташаббус бўйича қизиқишларини аниқлаш мақсадида сўровнома ўтказилди. Унинг натижасида 227 нафар ёшлар маданият ва санъатга,  313 нафари компьютер технологиясига, 692 нафари жисмоний тарбия ва спортга, 403 нафари китобхонликка қизиқишлари маълум бўлди ва турли мавзуларда лойиҳалар ишлаб чиқилди.

Биринчи ташаббус бўйича маданият, адабиёт, санъатга қизиқувчи ёшлар иштирокидаги тадбирлар ўтказилди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи З.Пирлепесова раҳбарлигида «Рақслар жилоси» мавзусида ўтказилган маҳорат дарси ёш раққосаларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Шундан сўнг ёш рассомлар ўртасида «Мўйноқ менинг нигоҳимда» кўрик-танлови ўтказилиб, унда биринчи ўрин Саламат Исмоиловга, иккинчи ўрин Азиза Жўлдосбоевага, учинчи ўрин Муродбек Урозбековга насиб этди. Тумандаги 2-болалар мусиқа ва санъат мактабида Хўжайли туманидаги 1-«Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчилари ижросидаги концерт дастури намойиш этилди. Умумтаълим мактаблари Сардорлар кенгаши аъзолари иштирокидаги «Иттифоқ билимдонлари» кўрик-танловида туман Халқ таълими бўлимига қарашли 2-умумтаълим мактаби жамоаси биринчи, 3-умумтаълим мактаби жамоаси иккинчи, 4-умумтаълим мактаби учинчи ўринни қўлга киритди.

Иккинчи ташаббус бўйича дастлаб «Марра бизники!» шиори остида югуриш марафони сўнгра «Ёшлар шахмат тахтаси» ва футбол бўйича туман биринчилигининг финал ўйини бўлиб ўтди. Туманда бугунги кунда 1 та футбол майдончаси, 21 та спорт зали, 48 та спорт майдончалари мавжуд. Туман болалар-ўсмирлар спорт мактабида 700 нафардан зиёд ўғил қизлар спортнинг 8 тури билан шуғулланиб келмоқда. Яқинда мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан туманда замонавий футбол майдончаси фойдаланишга топширилди. Шунинг­дек, спорт мажмуаси ҳамда сузиш ҳавзасининг қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Учинчи ташаббус бўйича ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан фойдаланишни ташкил этиш мақсадида Ёшлар марказида «Компьютер саводхонлиги ва АКТ дас­турчилари» тўгараги ташкил этилиб, унга бугунги кунда 350 нафар ёшлар аъзо бўлган. Тадбир доирасида тумандаги санъат-транспорт коллежида ­«Келажак бунёдкори» медали соҳиби Д.Қонарбоев иштирокида «Ахборот технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш» мавзусида маҳорот дарси ўтказилди.

Тўртинчи ташаббус бўйича Қорақалпоғистон Республикасида илк маротоба тумандаги 4-умумтаълим мактабининг 7 синф ўқувчиси Азамат Жангабоевнинг хонадонида «Уй кутубхонаси» очилди. Азамат 2017 йили онаси ­Ферида Қорабекова билан «Мен, ота-онам, бобом ва бувим -китобхон оила» кўрик танловида иштирок этиб, дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси бос­қичида биринчи, мамлакат босқичида учинчи ўринни эгаллади. 2017 йилда «Камалак билимдонлари» кўрик-танловида Қорақалпоғистон Республикаси босқичида  учинчи, ўтган йили эса мазкур танловда «Энг билимдон камалак сардори» номинацияси ғолиби бўлиб, компьютер билан тақдирланди.

Яқинда ўтказилган «Ёш китобхон» кўрик-танловда иккинчи ўринни эгаллаб қайтди. Тадбир иштирокчилари ёш китобхоннинг уй кутубхонаси, кўрик-танловлар ҳамда спорт мусобақаларида қўлга киритган ютуқлари билан танишди. Унга ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан 200 дона турли номдаги китоб­лар совға қилинди.

Тумандаги саноат-транспорт касб-ҳунар коллежида «Ёш китобхон» кўрик-танловининг мамлакат босқичи ғолиби, Президентимиз совғаси — Спарк автомашинаси соҳибаси Нурсулув Қоқанова билан туман ёшларининг учрашуви бўлди. Унда  мамлакатимизда ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, уларни ҳар томонлома қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаёт­ган ишлар, яратилган шарт-шароитлар қайд этилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.

Бешинчи ташаббус хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони соҳиби Баҳодир Сапартоев иштирокида «Тадбиркорлик сирлари» мавзусида фермерликни ривожлантириш бўйича семинар-тренинг ўтказилди. Иштирокчиларга «Ҳар бир оила тадбиркор», «Ёшлар келажагимиз» Давлат дастурлари бўйича кенг тушунчалар берилди.

Умуман, «Беш ташаббус-беш имконият» шиори остида ўтказилган акция доирасида жами 22 та лойиҳа бўйича тадбир ўтказилиб, унга икки минг нафардан зиёд ёшлар жалб этилди. Туман марказидаги Амфи­театрда спорт мусобақалари ҳамда кўрик-танловлар ғолибларини, тадбирда фаол иштирок этган ёшларни тақдирлаш маросими бўлди.

Акция «Ёшлар-келажак бунёдкори!» шиори остидаги гала концерт билан якунланди.

Д.АБИБУЛЛАЕВ.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.