МЎЙНОҚДАГИ МАКТАБ


Мўйноқ тумани «Уч сой» овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 6-сон умумтаълим мактабида 2018-2019 ўқув йилида 11 та синфда жами 190 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Уларга ўттиз нафар малакали ўқитувчи замонавий педагогик методлар асосида таълим-тарбия бермоқда.

Мактаб биноси 2009 йилда янгидан бунёд этилиб, синф хоналари барча ўқув жиҳозлари билан таъминланди. Ўқувчиларнинг бўш вақтини  мазмунан бойитишда фан, спорт ва ижодий тўгараклар муҳим омил бўлмоқда.

Муассаса директорининг ўринбосари Ринат Избаскановнинг таъкидлашича, кўплаб ўқувчилар муваффақиятларга эришмоқда. Хусусан, ўтган йили фан олимпиадасининг туман босқичида қозоқ тили ва адабиёти фани бўйича 10-синф ўқувчиси Жанат Имашова 1-ўринни, рус тили фанидан 9-синф ўқувчиси Асилбек Жамгирбаев 2-ўринни эгаллади. «Билимлар беллашуви»да  математика фанидан 5-синф ўқувчиси Гулхумар Уразалиева ва 6-синф ўқувчиси Баўиржан Мустапаевлар 2-ўринни қўлга киритишди. «Ёш китобхон» танловининг туман босқичида эса 10-синф ўқувчиси Абай Мустапаев ғолиб бўлди. Мактабнинг волейбол жамоаси ҳам туман ва республика миқёсида ўтказилган мусобақаларда совриндор бўлди.

Бу, келгусида таълим даргоҳи янада юксак ютуқларга эришишидан даракдир.

Суратда: Умумтаълим мактабидаги дарс жараёнларидан кўринишлар.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ

олган сурат.