«Обод уй» электрон дастури йўлга қўйилмоқда


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 январдаги “Кўп квартирали ­уйларни бошқариш тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2019 йил 1 майга қадар “Обод уй” ­электрон дастури ва унинг мобиль иловаси жорий этилади.

“Обод уй” электрон дас­тури хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларида мажбурий бадалларнинг ҳисоб-китобини юритиш ва ахборот-маслаҳат олиш имконини берадиган биллинг тизим бўлиб ҳисобланади. Ушбу тизим Ўзбекис­тонда дастлаб Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида тажрибадан ўтказилган.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 1 февралда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг қарори ва 2019 йил 5 февралда Қорақалпоғистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг буйруғи қабул қилинди. Бугунги кунда вазирлик қошида ташкил этилган “Ягона ҳисоб-китоб маркази” давлат унитар корхонаси томонидан кўп квартирали хонадонларнинг эгалари тўғрисидаги маълумотлар “Обод уй” электрон дас­турига киритилмоқда. Ҳозирги вақтда дастур базасига 30 минг 180 нафар абонентнинг маълумотлари жойлаштирилган.

Биллинг тизимига уланишнинг энг муҳим афзаллиги шундаки,  мазкур  тизим ягона маълумотлар  базаси, ширкат, абонентлар тўғрисида, тезкор, аниқ турли  шаклдаги  ҳисоботларни  шакллантириш,  мажбурий бадал тўловларини электрон тўлов тизимлари орқали  амалга ошириш,  ширкатларда амалга оширилган  ишлар  бўйича  аҳоли томонидан  онлайн  мониторинг олиб бориш,  тўловлар, абонентларга  дебитор, кредитор  қарздорлик  бўйича СМС хабарномалар юбориш каби вазифаларни ўз ичига олади.

Бундан ташқари, биллинг тизими  солиқ ва кадастр ташкилотларининг биллинг тизимлари билан интеграция қилинган бўлиб, солиқ тўловларини амалга ошириш ҳамда  кадастр хужжатларини расмийлаштиришда бир қатор қулайликлар яратади.

Шунингдек, кўп квартирали уйларни сақлашга қаратилган маблағлар бўйича ҳисоб-китоб ишларини олиб боришда назорат ва шаффофлик таъминланади.

М.Пирназарова,

ҚХА мухбири.