Орол денгизи ҳудудидаги бунёдкорлик ишлари муҳокама қилинди


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши мажлислар залида “Орол денгизининг қуриган ҳудудидаги экологик вазиятни юмшатиш ва Мўйноқ туманини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг мазмун-моҳияти” мавзусидаги матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда республикамизда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари ва Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида журналистика таълим йўналиши бўйича таҳсил олаётган талабалар иштирок этди.

Матбуот анжуманини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг Матбуот котиби Ч.Елмуратов олиб борди.

Тадбирда Мўйноқ тумани ҳокими биринчи ўринбосари А.Қурбаниязов, Халқаро Оролни муҳофаза қилиш жамғармаси “GEF”  Агентлиги раҳбари Соколов Вадим Ильич, Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбари  Б.Оразбаев, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи Б.Ибрагимовлар нутқ сўзлади.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва раҳбарлигида Мўйноқ туманини ҳар томонлама ривожлантириш, жумладан, Орол денгизининг қуриган  тубидаги экологик фожеа оқибатларини юмшатиш борасида бир қатор давлат дастурлари қабул қилиниши натижасида амалга оширилаётган тадбирлар янада жадаллашди.

2018 йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Муҳтарам Президентимиз Қорақалпоғис­тон Республикасига ташрифи давомида  мамлакатимизнинг энг шимолий ҳудуди Мўйноқ туманида ҳам бўлиб, аҳолининг яшаш шароити ва Орол денгизининг қуриб қолган тубидаги вазият билан танишди ҳамда Президентимиз топшириғига асосан 2019 йилнинг 16 январь санасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори қабул қилинди.

Бугунги кунда Мўйноқ туманини комплекс тарзда қайта қуриш, шу жумладан унинг марказини замонавий типда янгидан барпо этишга қаратилган Бош режаси ишлаб чиқилди ва аксарият ижтимоий объектларнинг қурилиш ишлари бошланди.

Шунингдек, туманда 2019-2021 йилда йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация, ижтимоий соҳа объектларини қуриш-таъмирлаш ишларига жами 1,5 трлн. сўмлик маблағ жалб этиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, мазкур қарор доирасида 26 триллион сўмлик йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши кутилмоқда.

Ҳозирда Орол денгизининг қуриган тубига саксовул экиш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, саксовул уруғлари нафақат Орол денгизи ҳудудидан, балки Навоий, Бухоро ҳамда Қашқадарё вилоятларидан ҳам олиб келинмоқда.

Саксовул экишда мингдан ортиқ ишчилар қатнашмоқда. Уларга барча шароитларни яратиш борасида Қорақалпоғистон Ҳукумати билан бирга маҳаллий тадбиркорлар ҳам ўз ҳиссаларини қўшмоқда.

Матбуот анжуманида Мўйноқ туманидаги тадбирларнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши жараёни ҳам муҳокама қилинди.

Бу борада “Қарақалпақстан жаслары” газетаси бош муҳаррири С.Жаниев, Қорақалпоғистон Телерадиокомпанияси бош муҳаррири Л.Сейданова ҳамда “Билим” нашриёти директори, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси М.Низановлар нутқ сўзлаб, телевидение, босма ҳамда интернет нашрларида мавзуга оид материалларнинг  ёритилишини мисоллар билан баён этди.

Матбуот анжумани давомида ОАВ ходимлари тегишли соҳа вакилларидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олди ва айни пайтда Мўйноқ туманида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини  аҳолига аниқ, ишончли ва тезкорлик билан етказиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Ахборот

хизмати