Орол денгизи қуриб бориши оқибатида юзага келган экологик аҳволни юмшатиш, атроф-муҳитни асраш ҳамда денгиз ҳудудидан тузли чанг-тўзонлар кўтарилишининг олдини олиш мақсадида чўлга чидамли ўсимликлар экиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг барча халқимизга мурожаати


Қадрли ватандошлар!

Орол муаммосини дунё жамоатчилиги глобал муаммолардан бири сифатида тан олиб, ҳозирги кунда бу экологик муаммо таъсирини юмшатишга фақатгина ҳукуматимиз эмас, балки бутун дунё кенг жамоатчилиги катта эътибор қаратмоқда.

Орол муаммосининг таъсирини юмшатиш, тузли чанг-тўзонлар кўтарилишининг олдини олиш учун унинг қуриган ҳудудини ўсимликлар билан қоплаш, тузли тўзонларни тўхтатиш, бу атрофда «Яшил қоплама» яратиб, чўлга чидамли ўсимликлар экишда янги илмий ютуқ ва технологияларни қўлланиш, Орол ҳудудида чўлланишнинг давом этишига чек қўйиш, яъни денгиз ҳудудидан ҳавога тарқалаёган заҳарли чанглар кўтарилишини тўхтатиш, сувдан қуриган Орол ҳавзасини чўлга чидамли ўсимликлар билан тўлиқтириш бугунги куннинг энг муҳим масалаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Замонамизнинг энг йирик экологик фожиаси бўлган Орол денгизининг қуриб кетиши оқибатида денгиз ҳавзасидан йилига 80 миллион тоннага яқин туз ва зарарли кимёвий моддалар кўтарилаётгани бу муаммонинг дунё мамлакатлари кўламида глобал тус олганидан дарак беради.

Ўтган давр ичида Ўзбекистон ҳукумати томонидан Оролбўйи минтақасида экологик аҳволни барқарорлаштириш, халқнинг турмуш даражасини яхшилаш бўйича кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилди. 350 минг гектар майдонга саксовул ва тузга чидамли ўсимликлар экилиб, ўсимликлар дунёси яратилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан Оролбўйи минтақаси, шунингдек Мўйноқ тумани бўйича махсус қарорлар қабул қилингани халқимизнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилашда, экологик фожиа оқибатларини юмшатиш бўйича инвестицион лойиҳаларни ўз вақтида ва самарали амалга оширишда аҳамиятлидир.

Барчамиз яхши биламиз, ўтган йил сентябрь ойида Муҳтарам Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида юксак минбарда туриб, Орол денгизи харитасига дунё халқлари эътиборини қаратди ҳамда ушбу муаммо халқаро даражада ҳал этилиши кераклигига алоҳида тўхтаб ўтди.

Бундан ташқари, Муҳтарам Президентимиз дунё жамоатчилигини ушбу экологик муаммо оқибатларини бартараф этиш ва ундан жабр чекаётган халққа амалий ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро кўламда ҳамкорликка чақирди.

Ўзбекистоннинг ташаббуси билан БМТ ҳомийлигида экологик муаммоларни ҳал этишда муҳим ўрин эгаллайдиган Орол денгизи ва Оролбўйи минтақаси бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди тузилди.

Яна бир аҳамиятли томони шундаки, Муҳтарам Президентимиз шу йилнинг 15-16 ­ноябрь кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баённомаси асосида 2019-2021 йилларда 500 минг гектар «Яшил қоплама» яратиш вазифалари белгиланди.

Азиз ватандошлар!

Донишманд халқимиз азалдан «Ўрмон-элнинг кўрки, халқимизнинг ризқ-насибаси» деб бежиз айтмаган. Албатта, ўзида аъло фазилатларни жамлаган бу халқ нақли чуқур маънога эга. Чунки, ҳар бир фуқаро ўсимликлар экиш орқали табиатга нисбатан меҳрини кўрсатади, унинг яхлитлигини ва хавфсизлигини таъминлайди. Шунинг учун ўзини шу элнинг фарзанди деб биладиган ҳар бир инсонни шу ҳудудда юзага келган экологик аҳволни юмшатишга, атроф-муҳитни асраш тадбирларида фаол қатнашишга чақирамиз!

Дунё кенг жамоатчилиги билан йўлга қўйилаётган ҳамкорликдан, Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, юртимизни кўкаламзорликка айлантирайлик!

Фуқаролар йиғинлари оқсоқолларини, ёшларимизни, бутун халқимизни Орол денгизининг қуриган қисмида чўлга чидамли ўсимликлар экишни ташкил этишга улуш қўшишга чақирамиз!

Кўпни кўрган нуронийлармиздан ёшларга ўрнак бўлиб, бундай хайрли ишда ҳар бир фуқаронинг иштирок этишида жонкуярлик кўрсатишни сўраймиз!

Қаерда оналар ташаббуси билан хайрли ишга қўл урилса, ўша жойда барака бўлади. Оналаримиздан ўз фарзандларига ҳудудда юзага келган экологик аҳволни юмшатиш, атроф муҳитни асраш кераклигини чуқур тушунтириб, уларга бош-қош бўлишни ўтинамиз!

Келажагимиз эгалари бўлган ёшларимиз, бу азиз ватаннинг эртанги эгалари сифатида чўлга чидамли ўсимликлар экиш тадбирларида етакчи кучга айланиб, ғайрат билан ишга киришишига қатъий ишонамиз!

Албатта, бундай савобли ишга ҳисса қўшиш бу азиз диёримизда камолга келган ҳар бир инсоннинг мустақил ватанимиз олдидаги фарзандлик бурчи деб биламиз ҳамда барча халқимизни яна бир марта Орол денгизи ҳудудида чўлга чидамли ўсимликлар экишдек ўта хайрли ишга улуш қўшишга чақирамиз!